Ижтимоий тармоқдаги профилингизга шахсий маълумотларингизнинг қанчасини киритасиз?
Исм, яшаш жойи, ёш, касб, оилавий ҳолат ва профил сурати? Ижтимоий тармоқларда шахсий маълумотларни баҳам кўришга тайёрлик даражаси ҳар кимда турлича. Аммо бугун аксарият одамлар ижтимоий тармоқдаги профилига жойлаштирилган маълумотлар энди ҳаммага очиқлигини билишади.
Хўш, сиз ҳақингиздаги барча маълумотлар кибер-ҳакер томонидан тўпланиб, миллионлаб одамларнинг шахсий маълумотлари билан бир қаторда энг кўп пул тўлайдиган кибержиноятчига сотиб юборилса, ўзингизни қандай ҳис қиласиз?
Ўзини Том Лайнер деб таништирган ҳакер ўтган ой «кўнгилхуши учун» дунёнинг турли бурчакларидаги 700 миллион Linkedin фойдаланувчисининг шахсий маълумотларини ахборот базасига тўплаб, уни 5 минг доллардан сота бошлади.
Ижтимоий тармоқдаги бу ва бунга ўхшаш маълумот тўплаш билан боғлиқ ҳолатлар профилимизда очиқ ҳолда тарқатадиган шахсий маълумотларимизнинг яхшироқ ҳимоя қилиниши кераклиги борасидаги қизғин мунозараларга сабаб бўлди.
Ўзини Том Лайнер деб таништирган бу шахс Буюк Британия вақти билан соат 8:57да таниқли кибер-ҳакерлик форумида маълумотларни сотишга қўяётганини эълон қилди.
«Салом, менда 2021 йилга оид 700 миллион Linkedin маълумотлари бор», дейди у.
У бир миллиондан ортиқ Linkedin қайдларини кўриш учун интернет-ҳаволани тақдим этади ва ўзи тўплаган маълумотларга таклиф билан чиқмоқчи бўлган бошқа ҳакерларга «шахсий»дан ёзиш учун таклифнома ҳам қолдирди.
Ушбу савдо кибер-қароқчилик дунёсини ларзага келтирди ва Том маълумотларни «жуда кўп» бахтли мижозларга 5 минг долларга сотаётганини айтди.
Албатта, у мижозлари кимлигини ва бу маълумотларни нима учун сотиб олишни хоҳлашаётганини айтмайди, аммо унинг таъкидлашича, маълумотлардан киберҳужумларда фойдаланилиши мумкин.
Ушбу хабар, шубҳасиз, киберхавфсизлик ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган ташкилотларда ҳам медиадан катта миқдорда маълумот «қазиб» олинишидан қўрқиш керакми ёки йўқми деган қизғин мунозараларни келтириб чиқарди.
Бу ерда муҳим аҳамиятга эга бўлган нарса шуки, мазкур маълумот базалари ҳакерликсиз, яъни бошқаларнинг сайтларига, ижтимоий тармоқларига ёки аккаунтларига кирмаган ҳолда очиқ маълумотлар асосида яратилади.

















