Бугун, 20 июл куни дунёнинг энг бадавлат кишиси Жефф Безос ўзи асос солган Blue Origin компаниясининг New Shepherd кемасида космосга муваффақиятли парвозни амалга оширди.

АҚШнинг Техас штатида амалга ошган парвоз маҳаллий вақт билан тонг соат 09:10да (Тошкент вақти билан 18:10) бошланиб, 10 дақиқа-ю 18 сония давом этди.

Бу вақт давомида ракета тўрт киши жой олган капсулани қуйи орбитага олиб чиқди. Шундан сўнг аввалига ракета белгиланган нуқтага қайтиб қўнди, маълум муддат вазнсизлик ҳолатида бўлган капсула бироздан кейин парашют ёрдамида ерга қайтиб тушди. Ҳар иккала қўниш ҳам муваффақиятли бўлди.

Жефф Безос бу парвозни 20 йилдан ортиқроқ кутди: у Blue Origin компаниясига 2000 йилда асос солган. “Аппарат тайёр, экипаж шай ҳолатда, жамоамиз шунчаки қойилмақом. Ҳаммамиз барчаси аъло бўлишига ишончимиз комил”, – деди Безос парвоздан олдин.

Кема экипажи миллиардердан ташқари унинг укаси Марк; авиакосмик саноат фахрийси – космик парвозлар бўйича тарихдаги биринчи аёл инструктор, 82 ёшли Уолли Фанк ва нидерландиялик 18 ёшли студент Оливье Деймандан иборат бўлди. Оливьега космосга учиш чиптасини миллиардер отаси аукционда сотиб олиб берган.

Фото: CNN

Хориж ОАВлари энтузиаст-миллиардерлар ўртасида фазони забт этиш пойгаси бошланганини ёзмоқда. Бундан бор-йўғи 9 кун олдин британиялик Ричард Брэнсон ўзининг Virgin Galactic компанияси кемасида денгиз сатҳидан 90 км баландликка чиққанди, бугун Безос уни камида 10 км масофага ортда қолдирди.