Бундай хулосага АҚШнинг RAND таҳлилий корпорацияси экспертлари келган.

Янги тадқиқотда эҳтимолий узоқ муддатли можаронинг дастлабки босқичларида йўқотилган сунъий йўлдошлар ва уларга хизмат қилувчи ёрдамчи тизимларни АҚШ қанчалик тез тиклай олиши ўрганилган.

Тадқиқот муаллифлари йўқотилган космик имкониятларни тиклаш учун 12 ойдан 24 ойгача бўлган муддатни мезон сифатида олган.

Бу АҚШ космик саноати учун жуда юқори суръат ҳисобланади. RAND баҳосига кўра, одатий шароитда эскирган сунъий йўлдошни алмаштириш билан боғлиқ жараён қарийб 10 йил давом этиши мумкин.

Тадқиқотчилар АҚШ мудофаа космик саноати 2027–2032 йиллар давомида фавқулодда юқори ишлаб чиқариш суръатини ушлаб тура оладими, деган саволни ўрганган.

Хулоса ижобий эмас.

Мутахассисларнинг фикрича, ҳозирнинг ўзида мавжуд кадрлар танқислигини бартараф этишнинг ўзи бир неча йил вақт талаб қилиши мумкин. Шу сабабли йўқотилган космик имкониятларни 12–24 ой ичида тиклаш эҳтимоли паст деб баҳоланмоқда.

Тадқиқот генерал Майкл Гетлейн ташаббуси билан бошланган. Ҳозир у АҚШнинг Golden Dome — “Олтин гумбаз” дастурига раҳбарлик қилади. Тадқиқот бошланган вақтда эса Космик операциялар раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган.

Муаллифлар 2024 йил октябридан 2025 йил мартига қадар АҚШ меҳнат ва таълим бозори бўйича федерал статистик маълумотларни таҳлил қилган. 2025 йил май-июль ойларида эса саноат вакиллари ҳамда таълим муассасалари раҳбарлари билан суҳбатлар ўтказилган.

Муаммонинг биринчи қисми — муҳандислар

RAND космик саноат учун зарур кадрларни уч асосий тоифага ажратган.

Биринчи тоифа — космик тизимларни лойиҳалаш, ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш билан шуғулланадиган муҳандислар.

АҚШда бакалавр ёки ундан юқори даражадаги маълумот талаб қиладиган муҳандислик лавозимларида қарийб 3 миллион киши ишлайди.

Бир қарашда бу жуда катта кадрлар захираси бўлиб кўринади. Аммо уларнинг атиги тахминан 3 фоизи RAND космик саноатни таъминловчи соҳалар қаторига киритган йўналишларда ишлайди.

Булар қаторига сунъий йўлдош алоқаси, яримўтказгичлар ишлаб чиқариш ҳамда оптик шиша каби нометалл минерал маҳсулотларни ишлаб чиқариш киради. Шу билан бирга, мазкур ҳисоб-китобга аэрокосмик ишлаб чиқариш киритилмаган.