08:25 / 30.07.2021
6510

400га яқин эркак Аёлларни реабилитация қилиш марказларига мурожаат қилган

2021 йилнинг 6 ойи давомида 400га яқин эркак Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига мурожаат қилган. Бу ҳақда АОКАда оиладаги зўравонликнинг олдини олиш, жабр кўрганларга кўмак бериш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ва унинг ҳудудий бўлимларига 2021 йилнинг 6 ойи давомида жами 5 958 нафар фуқаро мурожаат қилган бўлиб, шундан 5 348 нафари, яъни 89,7 фоизи аёл, 393 нафари, яъни 6,6 фоизи эркак ва 217 нафари, яъни 3,6 фоизи 18 ёшгача бўлган болалардир.

Марказга энг кўп мурожаат қилиш ҳолатлари 4та ҳудудга тўғри келади, яъни Тошкент шаҳридан 1 598 нафар, Жиззах вилоятидан 861 нафар, Наманган вилоятидан 540 нафар, Қашқадарё вилоятидан 539 нафар фуқаролар мурожаат қилган. 

Мурожаатчиларнинг 2 368 нафари ҳуқуқий ва психологик маслаҳат олиш учун боғланган бўлиб, уларнинг мурожаатларида зўравонликка учраш аломатлари аниқланмаган. 

1 908 нафар мурожаатчи руҳий, 1 094 нафари жисмоний, 562 нафари иқтисодий, 26 нафари жинсий зўравонликка учраганини маълум қилган.

Руҳий зўравонликка учраганларнинг 1 766 нафари, яъни 93 фоизини аёллар ташкил этган. Содир этилаётган руҳий зўравонлик асосан 1 841та ҳолатда оилада, 1 353та ҳолатда эр-хотин ўртасидаги низолар оқибатида келиб чиққани аниқланган. 

Жисмоний зўравонликка учраганларнинг 1 071 нафари, яъни 98 фоизи аёллардир. Жисмоний зўравонлик 865та ҳолатда эр-хотин, 157та ҳолатда қайнона-келин (куёв), 43та ҳолатда ота-она ва фарзанд ўртасидаги можаролар оқибатида содир этилган.

Top