Ўзбекистон | 11:15 / 31.07.2021
1050
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда Nexia ҳайдовчиси одам уриб юбориб, қочиб кетди. Жабрланувчи вафот этди

Қашқадарё вилояти Қамаши туманида Nexia ҳайдовчиси мол-қўйларини ҳайдаб кетаётган шахсни уриб юбориб, қочиб кетган. Оқибатда, у оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 25 июль куни соат 22:00ларда давлат аҳамиятига эга бўлган 4Р-86 Лангар–Майданак автомобиль йўлининг Қамаши тумани Қизилтепа маҳалласи Каттатол қишлоғи ҳудудидан ўтувчи 9-километрида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Nexia машинаси ҳайдовчиси йўл бўйлаб мол-қўйларини ҳайдаб келаётган фуқарони уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетган. Оқибатда пиёда оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этган.

Қайд этилишича, вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимларининг тезкор ҳаракатлари натижасида ҳайдовчи ушланган. Дастлабки суриштирувда аниқланишича, у спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда машина бошқарган, ҳодиса рўй берган пайтда маст бўлган.

Қайд этилишича, мазкур ҳодиса юзасидан Қамаши тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми ва 117-модда (Хавф остида қолдириш) 2-қисми билан жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид