13:23 / 03.08.2021
10921

Давлат қарзини бошқаришга оид қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди

Қонунда давлат қарзи ва шартли мажбуриятлари билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш назарда тутилган.

Молия вазирлиги томонидан “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Ҳужжатда давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг давлат қарзини бошқаришдаги ваколатларини белгилаш, қарз маблағларини бошқаришда парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш назарда тутилмоқда.

Таҳлил қилинишича, Ўзбекистон номидан маблағ жалб қилиш ва давлат кафолатини бериш ўндан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган. Аммо республика номидан қарз олиш ва давлат кафолатини беришга оид амалдаги қонун ва қонуности ҳужжатларида бир қанча камчиликлар мавжуд. Хусусан:

  • давлат қарзини бошқаришнинг асосий принциплари ва мақсадлари аниқланмаган;
  • давлат қарзини бошқариш сиёсатини белгиловчи асосий ҳужжат – давлат қарзини бошқариш стратегиясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш жараёни қонуний белгиланмаган;
  • давлат қарзини бошқариш бўйича ягона ваколатли орган қонун даражасида белгиланмаган;
  • давлатнинг шартли мажбуриятлари қонун билан тартибга солинмаган.

Натижада давлат қарзининг тез суръатлар билан ўсиб бориши кузатилмоқда, давлат қарзи бўйича зарур маблағларни ўз вақтида тўлашда қийинчиликлар вужудга келмоқда. Бу келгусида давлат қарзи ва шартли мажбуриятлар ҳажмининг кескин ўсиши ҳамда макроиқтисодий барқарорлик учун хатарларнинг ортишига олиб келиши мумкин. Шу сабабли давлат қарзи ва давлатнинг шартли мажбуриятлари билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш зарурияти юзага келди ва “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Мазкур қонун билан давлат қарзини бошқариш соҳасини давлат томонидан тартибга солишда Олий Мажлис, президент, Вазирлар Маҳкамаси, Молия ва Иқтисодиёт вазирликлари, Ҳисоб палатаси, Марказий банк ваколатлари белгиланмоқда. Ҳужжатда келтирилишича, Молия вазирлиги давлат қарзини бошқариш соҳасида ягона ваколатли орган бўлади. 

Top