Америка давлат қарзи тарихда илк бор 40 триллион доллардан ошди. Мамлакат Молия вазирлиги эълон қилган маълумотларга кўра, 18 август ҳолатига давлат қарзининг умумий қиймати 40 триллион 47 миллиард долларга етган. Шундан хусусий инвесторлар, аҳоли ва ташкилотлар олдидаги қарз 32 триллион 265 миллиард доллардан ортиқни, ҳукуматлараро ички қарз мажбуриятлари эса 7 триллион 781 миллиард доллардан ортиқни ташкил этади. Соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, давлат қарзи худди оддий фуқаро ўзининг кредит картасидан ҳар ойлик маошидан кўра кўпроқ пул сарфлаб, қарзини тўлиқ ёполмай, фоизлар устига фоизлар миниб боришига ўхшайди. Ҳукуматнинг харажатлари унинг солиқлар орқали йиғадиган даромадларидан доимий равишда ошиб кетиши йиллик бюджет камомадларини юзага келтиради ва бу камомадлар йиллар давомида йиғилиб, умумий давлат қарзини ташкил қилади.

10 йилда 2 баробар ўсиш

Америка қарзининг тарихи мамлакатнинг мустақиллик учун олиб борган курашлари ва унинг давлат сифатида шаклланиш даврига бориб тақалади. 1790 йилда АҚШнинг биринчи молия вазири Александр Гамилтон штатларнинг уруш давридаги қарзларини федерал ҳукумат зиммасига олиш ташаббуси билан чиқади. Мамлакатнинг илк давлат қарзи 75 миллион долларни ташкил этган. Ажабланарли томони АҚШ бутун тарихи давомида фақат бир марта тўлиқ қарзсиз давлатга айланган. Бу воқеа 1835 йилнинг январ ойида, Эндрю Жексон бошқаруви пайтида юз беради. У харажатларни чеклайди ва давлатга тегишли ерларни агрессив равишда сотиш орқали 33 миллион долларлик қарзни тўлиқ узишга муваффақ бўлади. Бироқ, бу муваффақият узоққа чўзилмади. Жексоннинг банк сиёсати ва чайқовчилик кредитлари ортидан келиб чиққан 1837 йилдаги иқтисодий ваҳима мамлакатни чуқур инқирозга ботирди ва ҳукумат яна қарз олишга мажбур бўлди. Ўша кундан бошлаб то бугунги кунгача Америка давлат қарзи фақат ўсиб келяпти.

Хусусан, Доналд Трамп ўзининг биринчи президентлик муддатини бошлаган 2017 йилнинг январида давлат қарзи 19,95 триллион доллар бўлган. Ўшанда пайтда у рақамлар қўрқинчли даражада эканлигига урғу бериб, «саккиз йил ичида», яъни икки президентлик муддати давомида бундан қутулиш мумкинлигини айтганди. Амалда эса 10 йилдан камроқ вақт ичида Американинг молиявий мажбуриятлари 2 баробарга ошди. Трампнинг биринчи муддати давомида қарзга 7,8 триллион доллар, Жо Байден бошқаруви йилларида эса 8,4 триллион доллар қўшилди. 2025 йил январида Трамп қайта Оқ уйга келганидан бери ўтган бир ярим йил ичида қарз яна 3,8 триллион долларга ошди.

Нега АҚШ қарзи кескин ошиб кетди?

Охирги йилларда АҚШ давлат қарзининг кескин ошиб бораётгани мутахассисларни ҳам ҳайратда қолдиряпти. 2025 йилнинг октябр ойида қарз 38 триллион долларга етган бўлса, 2026 йилнинг мартида бу кўрсаткич 39 триллион долларгача кўпайди. Орадан беш ой ҳам ўтар-ўтмас 2026 йилнинг 18 августида 40 триллион долларлик марра ҳам забт этилди. Бундай шиддатли тезлашувга қатор омиллар таъсир қилаётган бўлиши мумкин.

Биринчидан, қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари ошиб боряпти. Ўтган йилларда юзага келган кучли инфляцияни жиловлаш мақсадида АҚШ Федерал захира тизими фоиз ставкаларини сўнгги 20 йилдаги энг юқори даражагача кўтарди. Бу ҳукумат учун жуда қимматга тушди, чунки давлат ўзининг янги облигацияларини сотиш ва эски қарзларини янгилаш учун сармоядорларга анча юқори даромад таклиф қилишга мажбур бўлди. Вазият шу даражага етдики, 2024 йилдан бошлаб тарихда биринчи марта давлат қарзи бўйича соф фоиз тўловлари миллий мудофаа харажатлари ҳамда қариялар учун тиббий суғурта дастури харажатларидан ҳам ошиб кетди. 2026-молия йилининг дастлабки тўққиз ойида давлат қарзини тўлаш бўйича фоизларга 827 миллиард доллар сарфланди. Йил охирига бориб бу кўрсаткич 1 триллион долларга яқинлашиши кутиляпти. Яъни ҳукумат эски қарзнинг фоизларини тўлаш учун янги қарз олишга мажбур бўляпти, бу эса умумий қарз миқдорини ҳеч қандай реал иқтисодий қиймат яратмасдан туриб ошириб юборади.

Иккинчидан, қарзнинг ошиб бораётганига сиёсий қарорлар ҳам таъсир кўрсатяпти. Жорий йилнинг феврал ойида АҚШ Олий суди Трамп томонидан ўрнатилган йирик божхона тарифларини ноқонуний деб топди ва бекор қилди. Бу қарор ҳукумат бюджетига икки карра зарба берди. Биринчидан, режалаштирилган улкан божхона тушумлари тўхтади. Иккинчидан, давлат қонунга хилоф равишда йиғиб олинган тарифларни бизнес эгаларига қайтариб беришга мажбур бўлди. Хусусан, 2026-молия йилининг бошидан бери ҳукумат тарифларни қайтариш операциялари учун 100 миллиард долларга яқин маблағ сарфлаган. Тушумларнинг камайиши ва харажатларнинг ортиши Молия вазирлигини шошилинч равишда қимматли қоғозлар чиқаришга мажбур қилган. Шунингдек, Трамп томонидан 2025 йил 4 июлда имзолаган ҳамда «ягона, катта ва чиройли» дея таърифланган қонун ҳам Америка иқтисодиётига қимматга тушиши ва кейинги 10 йилда қарзни 4,1 триллион долларга ошириши прогноз қилиняпти.

Учинчидан, қарийб олти ойдан бери давом этаётган Эрондаги урушни молиялаштириш ҳам Қўшма Штатлар бюджетига қимматга тушяпти. Мудофаа соҳасига ва ҳарбий ҳаракатларга млрдлаб доллар қўшимча маблағлар йўналтириляпти. Урушнинг нарх-наво ва инфляцияга кўрсатаётган таъсири бугунги кунда АҚШ иқтисодиёти олдида турган энг жиддий хатарлардан бири сифатида кўриляпти.

Энг катта хавфлардан бири шуки, АҚШ эндиликда глобал миқёсдаги кутилмаган иқтисодий инқирозларни бартараф этиш учун молиявий ўқ-дорисиз қолди. 2008 йилги молиявий ҳалокат ёки 2020 йилдаги Covid-19 пандемияси даврида Америка халқаро бозорни сақлаб қолиш учун қисқа вақт ичида триллионлаб доллар қарз олишга қодир эди. Бугунги кунда эса давлат қарзи ЯИМнинг қарийб 123 фоизини ташкил этмоқда ва ҳукумат қўли боғланган ҳолатда қолган.