Жамоат ҳожатхоналари масаласида кўп марта ёзилган, айтилган, ҳатто юқори даражада қарорлар қабул қилинган, режалар тузилган бўлса-да, ҳозирча бу борада бирор ютуқ билан мақтана олмаймиз. Тан олиш керак, юртимизда жамоат ҳожатхоналари даҳшатли даражада кам, улардан фойдаланиш маданияти ўта паст.
Инсон умрини ўртача етмиш йил деб оладиган бўлсак, одамзод ўз ҳаётининг тахминан олти ойини ҳожатхонада ўтказар экан. Шундай экан, бу жараён нафақат бир инсон учун, балки бутун жамият учун муҳим.
«Бирор оила ҳақида тасаввурга эга бўлмоқчи бўлсанг, ҳожатхонасига кириб кўр», деб бекорга айтишмаган. Бодрабхона қандай қурилгани бир оила эмас, ташкилотлар, кўнгилочар ва умумий овқатланиш масканлари, умуман, бутун бир мамлакат ҳақида ҳам етарлича хулоса чиқаришга асос бўлиши мумкин.
2016 йилга қадар бизда бу мавзу ҳақида расман гапирилмаган. Гўёки муаммо йўқдек эди. Ўзбекистонда давлат бошқаруви янги қўлга ўтганидан сўнг кўп соҳалар сингари кўпчилик айтишга ҳам уялган, аслида ниҳоятда жиддий мавзу бўлган ҳожатхоналар масаласига ҳам тўхталинди.
2018 йил бошида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистонда ҳожатхона хизматини такомиллаштириш бўйича кескин ислоҳотлар ўтказилиши режалаштирилаётгани маълум қилинди. Ҳожатхоналар жуда камлиги тан олинди ва масала ечими юзасидан қатор чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ҳожатхона қуриб ишга туширганларга бир қанча солиқ имтиёзлари таклиф қилинди.
Бунга ҳам 3,5 йил вақт ўтди.
Мана шу сатрларни ўқиётганлар ўз яшаб турган ҳудудлари мисолида бир ўйлаб кўрсинлар: қайси шаҳар ёки туман марказининг бирор кўчасида янги жамоат ҳожатхонаси қурилди ёки эскилари талаб даражасида таъмирланди? Ўзи жамоат ҳожатхонаси бормиди?
Катта эҳтимол билан бу саволларга ижобий жавоб йўқ.
Лекин бу масала билан шуғулланган қўмита, айни пайтда Туризм ва спорт вазирлигининг маълумотларига таянилса, муайян ишлар бажарилгани маълум бўлади.
Туристик инфратузилма объектлари санитар-гигиеник ҳолатини яхшилаш ҳамда туристик ахборот марказларини ташкил қилиш бўлими бошлиғи Муҳайё Ҳайитова:
– 2017 йилдан бошлаб шу кунга қадар мамлакатимизда туристлар ташриф буюрадиган объектлар, йўл бўйлари ва аҳоли гавжум жойларда 5 мингдан ортиқ санитария-гигиена шохобчаларининг ҳозирги замон талаблари асосида таъмирланганлиги ва янгидан қурилганлиги, шунингдек, республика бўйича йўловчилар фойдаланиши учун шохобчалар бўлмаган ёнилғи қуйиш станцияларининг деярли қолмаслигига эришилган.

















