Тошкент метрополитенида бир кунда ташилган йўловчилар сони бўйича навбатдаги рекорд қайд этилди.
21 сентябр куни метро хизматларидан жами 1 181 581 нафар йўловчи фойдаланди.
Бундан аввалги энг юқори натижа 2026 йил 14 сентябр куни қайд этилган эди. Ўша куни Тошкент метроси 1 165 550 нафар йўловчига хизмат кўрсатган.
Янги кўрсаткич аввалги рекорддан 16 031 нафарга кўп бўлди.
Метрополитен мутахассислари олиб бораётган мониторинг ва таҳлиллар йўловчилар оқимининг ўсиш тенденцияси давом этаётганини кўрсатмоқда.
Мавжуд кўрсаткичлар асосида октябр ойида метронинг бир кунлик йўловчилари сони 1,2 миллион нафарга етиши кутилмоқда.
Шу муносабат билан Тошкент метрополитени 1 200 000-йўловчини алоҳида аниқлаб, унга махсус имтиёз ёки совға тақдим этишни режалаштирган.
Мазкур ташаббус йўловчиларни рағбатлантирувчи ва рамзий тадбир сифатида ташкил этилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, 2026 йилда харид қилиниши режалаштирилган 14 та замонавий поезд таркибининг барчаси Тошкент метрополитенига етказиб берилган.
Янги поездлар йўловчиларга қулай ва тезкор хизмат кўрсатиш ҳамда ҳаракатни ўсиб бораётган йўловчилар оқимига мослаштиришда фойдаланилмоқда.

















