Ўзбекистонда аниқ фанлар бўйича қилинаётган тадқиқотларда ҳам етарлича муаммолар борлигини англаган ҳолда (сифатли тадқиқотлар олиб бориш учун замонавий лабораториялар мавжуд эмас), ўзим яхши тушунган гуманитар фанлар бўйича қилинаётган тадқиқотлар сифати ҳақида гапирмоқчиман.
Энг ачинарлиси, биз гуманитар соҳада илм ва тадқиқот нималигини тушунмайдиган «олимлар» тайёрлашда давом этяпмиз. «Стоп» тугмасини босиб, тўла янги тизимга ўтишга қурбимиз, имкониятимиз етади, бироқ буни негадир кечиктиряпмиз.
Биздаги бир қанча мантиқсизликларни санаб ўтаман, шу билан бирга, ривожланган хориждаги ҳолат билан таққослашга баҳолиқудрат уриниб кўраман.
1. Биздаги мантиқсизлик илмий раҳбар танлашдан бошланади: илмий раҳбар илмий салоҳиятига қараб эмас, балки «нуфузи», таниш-билишлари, «каттароқ» лавозимда ўтирган-ўтирмаганига қараб танланади. Нега дейсизми? Чунки бунақа раҳбар билан соҳада жуда авж олиб кетган бюрократик тўсиқларни осонроқ енгиб ўтиш мумкин. «Сиз зўрсиз, ҳурматингиз баланд» қабилида ишлар осонроқ битади. Чет элда эса илмий раҳбар илмий салоҳияти, етакчи халқаро журналларда чиқарган мақолалари ва бошқа шу каби кўрсаткичларга қараб танланади.
2. Бизда Олий аттестация комиссияси (ОAК) деган ташкилот бор. Бу ташкилотда илмий ишлар мавзулари қуйидагича кўриб чиқилади: бўлажак илмий иш мавзусини тадқиқотчи ОАКга жўнатади, ОАК буни ўрганиб, тасдиқ ёки рад жавобини беради. Тадқиқотчи жавобни бир неча ой кутади. Чет элда-чи? Чет элда мавзу тусма-таваккал танланмайди. 100-200 илмий мақолалар ўқилгач, у ердан Research Gap, яъни ҳали дунё олимлари тадқиқ қилмаган жиҳатлар ажратиб олинади ва илмий раҳбар ва бошқа илм кишилари иштирокидаги Proposal Defence («Илмий йўналиш ва мавзу ҳимояси») доирасида ҳимоя қилинади. Раҳбар ва илмий ишнинг етакчи олимлари ёш олимнинг камчиликларини билдириб, йўл кўрсатишади.
3. Чет элда тадқиқот иши методологиясиз илмий иш ҳисобланмайди. Сабаби – методологиясиз илмий ишга «мазмунга эга эмас» деб қаралади: уни қаёққа қараб чўзсангиз чўзилаверади, қаёққа олиб қочсангиз қочаверади, чек-чегара деган нарса бўлмайди.
Бизда-чи? «Тадқиқот методологияси» номи остида ҳозиргача бирорта ўзбек тилидаги қўлга илингудек адабиёт мавжуд эмаслигининг ўзи бу соҳадаги тадқиқотлар сифати қай даражада эканини кўрсатиб турибди.
4. Бутун дунёда қилинган илмий ишлар халқаро илмий тармоқлар (GoogleScholar, Elsevier, Scopus ва бошқа) орқали боғланган. Мавзу (Research Gap) шу тармоқлар тизимида чоп этилган илмий мақолалар ичидан изланади. Яъни илмий иш қилинишидан аввал, юқорида айтилганидек, бутун дунё олимларининг айни мавзудаги ишлари атрофлича ўрганилади.







