Айн-Шамс университети археологи Мамдуҳ ал-Дамати бошчилигидаги тадқиқотчилар гуруҳи Подшоҳлар водийсидаги Тутанхамоннинг KV62 мақбарасини ўрганиш натижаларини тақдим этди.

17 сентябр куни Amarna Royal Tombs Project сериясида эълон қилинган ҳисобот 2023–2024 йиллардаги дала ўлчовлари ва аввалги тадқиқотлар қайта таҳлилини бирлаштиради.

Муаллифлар гап мақбара яқинда очилгани ҳақида эмас, балки тўпланган геофизик маълумотларнинг янги талқини тўғрисида кетаётганини таъкидлаган.

Изланишларга мисршунос Николас Ривз 2015 йилда илгари сурган фараз асос бўлган. Унинг тахминига кўра, Тутанхамоннинг нисбатан кичик мақбараси каттароқ подшоҳлик дафн мажмуасининг ташқи қисмида барпо этилган, ички хоналар эса деворлар билан ажратилган бўлиши мумкин.

Ривз катта мақбаранинг дастлабки эгаси Нефертити бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган. Бироқ аввалги геофизик текширувлар бир-бирига зид натижалар берган.

Янги тадқиқотда георадар ва микрогравиметрия усулларидан фойдаланилди. Микрогравиметрия тортишиш кучидаги жуда кичик ўзгаришларни ўлчаб, ер остидаги жинслар зичлигини аниқлаш имконини беради.

Муаллифлар айрим сигналларни кўмилган йўлак ва эҳтимолий яширин хоналар белгиси сифатида талқин қилган. Шу билан бирга, георадар дафн хонаси деворларидан тахминан икки метргача бўлган масофада аниқ бўшлиқларни кўрсатмаган.

Тадқиқотчилар тақдим этган уч ўлчамли схема топилган хоналарнинг тайёр харитаси эмас, балки турли даражадаги ишончга асосланган моделдир.

Схемада сариқ ранг билан мавжудлиги нисбатан ишончли деб баҳоланган иккита эҳтимолий хона, бинафша рангда эса ишонч даражаси пастроқ бўлган қисмлар кўрсатилган. Уларни боғловчи йўлаклар мавжудлиги ҳам ҳозирча фараз сифатида қолмоқда.

Эҳтимолий яширин бўшлиқларнинг ўлчами ва ҳажми уларнинг қандай материал билан тўлганига оид тахминларга боғлиқ.

Nature нашри суҳбатлашган мустақил мутахассислар натижаларни қизиқиш билан қабул қилган, бироқ якуний хулоса чиқаришга ҳали эрта эканини таъкидлаган.

Тадқиқотчилар фаразни кичик тешик бурғилаш ва унга камера киритиш орқали текширишни таклиф қилмоқда. Бунинг учун Миср расмийларининг рухсати талаб этилади.