Якшанба куни толиблар Кундуз вилояти марказини босиб олишганди. Бир неча соат вақт ўтиб Сарипул вилоятининг шу номдаги маркази ва Тоҳар вилояти маркази - Талукон бой берилди. Бу шаҳарларнинг барчаси мамлакатнинг шимолий қисмида жойлашган. Маҳаллий аҳоли вакилларининг маълумот беришича, ҳозирда сувсиз қолган Қундузда толиблар ҳукумат биноларини қамал қилишган.
Душанба куни «Толибон» ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги чақириқларни яна бир бор инкор этиб, Самангон вилоятининг 9 минг киши яшовчи маркази Айбак шаҳри эгаллангани ҳақида маълум қилди.
Афғонистон: Толиблар илк бор вилоят марказини эгаллашди
Маҳаллий аҳоли вакилларидан бири BBC билан суҳбатда Айбакда ҳукумат аскарлари қисми «Толибон» томонига ўтиб кетгани ҳақида гапирган. Маҳаллий ҳукумат шаҳар вайрон бўлиши ва тинч аҳоли вакиллари орасида қурбонлардан сақланиш учун жангсиз таслим бўлганини айтишган. Оқсоқоллар гуруҳи «Толибон» билан музокаралар ўтказишган.
«Мен шаҳар эгалланиши арафасида уйдан чиқдим. Унгача ҳукумат вакиллари, хавфсизлик кучлари ва бошқалар бизга шунчаки хавотирланмаслик кераклигини айтишганди», дейди Айбакда яшовчилардан бири.
«Қўмондонлардан бири ёки собиқ сенатор... У аскарлар билан «Толибон» томонига ўтди, унинг қўшини шаҳар ичкарисида эди. Улар толиблар томонига ўтиб, ҳукумат ҳарбийларига қарши кураша бошлагач, барчаси ўзгарди», дейди гувоҳ.

Толибларнинг кейинги мақсади - шиалар учун муқаддас ҳисобланган Кўк масжид жойлашган Мозори-Шариф ҳамда Пули-Ҳумри бўлади. Бу шаҳарлардан бир-бирини инкор этувчи маълумотлар келмоқда. Душанба куни «Толибон» Мозори-Шариф қамали учун қўшимча кучлар йўл олгани ҳақида хабар тарқатди, аммо маҳаллий полиция буни пропаганда деб атаган. Балх вилоятидаги (Мозори-Шариф шу вилоят маркази) тожик диаспораси етакчиси, собиқ дала қўмондони Атто Муҳаммадий Нур ҳукумат кучлари «сўнгги томчи қони қолгунча» шаҳарни ҳимоя қилиши ҳақида гапирган.
Душанба куни ижтимоий тармоқда Мозори-Шариф атрофидаги ҳудудларда отишма овозлари эшитилаётгани ҳақидаги видео тарқалди. Бу видеонинг ҳаққонийлиги тасдиқланмаган.

















