Жамоа Тошкентдаги йиғинни якунлаб, хорижий йиғинга учиб кетди. Сўнгги тайёргарлик Испания ва Португалияда бўлиб ўтади. У ерда мезбонлар, Аргентина, Коста-Рика ва Ангола билан ўртоқлик баҳслари ўтказилади.

Tribuna.uz миллий жамоанинг Тошкентдаги сўнгги машғулотига борди ва мураббий ҳамда ўйинчиларнинг мундиал олдидан фикрлари билан қизиқди.

Бош мураббий Баҳодир Аҳмедов тайёргарликдан қониқаётганини айтди: «Тайёргарлик жуда яхши кетмоқда. Таиланддаги халқаро турнир (3-ўрин эгалланди) фойдали бўлди. Жамоанинг заиф томонларини билиб олдик.

Таиланддаги турнирда ЖЧдаги рақибимиз Мисрни (4:0) мағлуб этганимизга ишониб қолмаслигимиз керак. Ўша ўйинда аслида кўплаб хатоларга йўл қўйдик. Мундиалда умуман бошқача ўйин бўлади.

Испания ва Португалияда кучли жамоалар билан ўртоқлик баҳслари ўтказамиз. Юқори даражали жамоалар билан ўйнаётганимиз хурсанд қилади. Бунинг учун ЎФАга раҳмат».

Мураббий Нодир Элибоев гуруҳдаги рақиблар ҳақида фикр билдирди: «Биринчи ўйин қийин бўлади. Ўтган ЖЧда Панама (1:3) жисмоний устунлик эвазига бизни мағлуб этганди. Гватемала ҳам шундай рақиблардан. Лекин ўз ўйинимизни намойиш эта олсак, ғалаба қозона оламиз. Россия — нафақат гуруҳ, балки мусобақа фаворити. Миср билан бу сафар умуман бошқача ўйин бўлади. Агар ўртоқлик баҳсида Ўзбекистон ютқазганида ҳам, шу гапни айтган бўлардим.

Испаниялик мураббийлар келгач, жисмоний жиҳатдан ўсишга эриша олдик. Уларни шу сабабли таклиф қилгандик. Мақсадимиз — турнирга «пик» формада етиб бориш.

Мендес уйнинг пойдеворини қуриб кетган. Биз эса давом эттиряпмиз. Унинг услубини сақлаб қолганмиз, лекин ўзгаришлар ҳам бор. Бусиз иложи йўқ. Чунки бутун дунёда футзал ўзгаряпти».

Дарвозабонлар мураббийи Карлос Корона шогирдларининг тайёргарлигига тўхталиб ўтди: «Бизда 3 нафар дарвозабон бор. Бу бизга хилма-хиллик беради. Бундан жуда ҳам хурсандман. Рустам — жуда яхши дарвозабон, тажрибаси катта. Халқаро мусобақалар ва сўнгги жаҳон чемпионатида ўйнаган. Аббос Элмуродовда ҳам Рустамда мавжуд ҳамма нарса бор: тажриба, ўйинни назорат қилиш, оғир вазиятларда асабийлашиб кетмайди. Яхши сакрайди, оёқ билан яхши ўйнай олади. У — ҳужумда ҳам ўйнай оладиган дарвозабон.