«Толибон» жангарилари Кобулни қўлга олди. Энди улар бутун Афғонистонни назорат қилмоқда. Толиблар 15 август тонгида пойтахтга юриш бошлаганди, кечга келиб улар ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан шаҳарни эгаллаб, президентлик саройига киришди. Бунгача бир неча кунлик жанглар давомида «Толибон» мамлакатдаги йирик шаҳарлар, Қандаҳор, Ҳирот ва Мозори Шарифни эгаллашганди. Яқин вақтлар ичида толиблар мамлакатда Афғонистон ислом амирлиги тузилгани ҳақида эълон қилиши кутилмоқда. Мамлакат 1996-2001 йилларда, толиблар бошқаруви даврида ҳам шундай аталарди.

Президент қароргоҳида толиблар байроғи ўрнатилган

Афғонистон президент Ашраф Ғани Аҳмадзой мамлакатдан қочиб кетган. Дастлаб «Азия-Плюс» нашри у Тожикистонга учгани, у ердан учинчи мамлакатга йўл олиши ҳақида хабар тарқатганди. TOLOnews телеканали унга ёрдамчилари ҳамроҳлик қилаётгани ҳақида хабар берди. Кейинроқ у Ўзбекистонга ёки Уммонга учгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалди, аммо бу маълумотлар тасдиғини топгани йўқ. Ғани толиблар Кобулни жанг қилиб олмоқчи бўлгани, аммо тинч аҳоли қони тўкилмаслиги учун қуролли тўқнашувларнинг олдини олганини маълум қилди.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, 16 август куни Қатар пойтахти Доҳада толиблар ва Афғонистон ҳукумати расмийлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтиши кутилмоқда. Унда Ашраф Ғани иштирок этиш-этмаслиги ҳозирча номаълум.

Эроннинг Tasnim агентлиги президент мамлакатни тарк этиш жараёни акс этган видеони тарқатган.

Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзай мамлакатда «хаос юзага келишининг олдини олиш учун» Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилганини маълум қилган. Унинг таркибига Карзайнинг ўзи, Миллий ярашув олий кенгаши раиси Абдулла Абдулла ва Афғонистон Ислом партияси етакчиси, мамлакатнинг собиқ бош вазири Гулбиддин Ҳикматёр кирган. Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг мақоми аниқ эмас. Толиблар ўтиш даври ҳукумати тузилишига рози эмас ва ҳокимият тўғридан тўғри топширилишига эришмоқчи.

Толиблар Кобулда хавфсизлик таъминланишини ваъда қилиб, аҳолидан хавотирга тушмаслик ва шаҳарни тарк этмасликни сўрамоқда. «Тез орада шаҳарда вазият нормаллашади ва шаҳарликлар одатий ҳаёт тарзига қайтишлари мумкин», дея толиблар баёнотидан иқтибос келтирган «Интерфакс» агентлиги. «Толибон» расмийси фуқароларнинг мол-мулки хавфсизликда эканини билдириб, шаҳар аҳолисига «зарур ҳолатларда мужоҳидлардан ёрдам сўраш»ни таклиф этган. «Ҳеч ким қўрқувга тушмаслиги керак», деган у.