Иқтисодиёт | 10:50 / 20.08.2021
22499
3 дақиқада ўқилади

Июл ойида автомобил олди-сотдиси бўйича шартномалар қарийб 24 фоизга камайди

Жорий йилнинг июл ойида автомобил олди-сотдиси бўйича шартномалар сони июн ойига нисбатан 23,8 фоизга камайган. Бунга асосий сабаб сифатида автомобилларни етказиб бериш билан боғлиқ қийинчиликлар кўрсатилмоқда.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилларига кўра, 2021 йилнинг июл ойида аҳоли ўртасида автомобил олди-сотдиси бўйича шартномалар сони жорий йилнинг июн ойига нисбатан 23,8 фоизга камайган. Шунингдек, 2020 йил июл ойи билан таққослаганда, 16,2 фоизга ўсган.

Таҳлилларга кўра, ҳозирда ички автомобил бозорида харидорлар ва сотувчиларга нарх эмас, балки автомобилларни етказиб бериш билан боғлиқ қийинчиликлар босим кўрсатмоқда. Яримўтказгичларни етказиб бериш билан боғлиқ вазият ёмонлашмоқда ва салбий тенденция давом этмоқда.

Шу муносабат билан янги тузилган шартномалар бўйича айрим маҳаллий автомобилларни етказиб бериш фақат 2022 йилнинг феврал ойидан бошланиши айтилмоқда.

Автомобиллар олди-сотдисининг энг катта пасайиши асосан иккиламчи бозорда кузатилиб, савдоларнинг ўтган ойга нисбатан камайиши иккиламчи бозорда 30,9 фоиз, бирламчи бозорда 9,3 фоизни ташкил этган.

2021 йилда бирламчи ва иккиламчи автомобил бозори

Бу ҳолат янги автомобилни етказиб бериш вақтининг ошиши ва потенциал истеъмолчининг эски автомобилини янгисига алмаштириш имкониятининг чекланиши билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги айтилган.

Ҳисобот даврида рўйхатга олинган ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони барча вилоятларда (Жиззах вилоятидан ташқари) мўътадил суръатлар билан камайган. Энг юқори пасайиш Тошкент (55,8 фоиз), Қашқадарё (24,7 фоиз), Навоий (19 фоиз) ва Фарғона (17 фоиз) вилоятларида қайд этилди.

2021 йил июл ойида 17,2 мингта янги автомобил рўйхатга олинган. Шундан 454 таси (2,7 фоиз) чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллардир.

Умуман,  январ-июл ойларида республика бўйича 111,8 минг дона янги енгил автомобиллар сотилган, шундан, 5,1 минг донаси чет элда ишлаб чиқарилган автомобил ҳисобланади.

Ушбу даврда янги енгил автомобиллар энг кўп сотилган ҳудудлар Тошкент шаҳри – 25,9 минг дона, шундан, 3 минг донаси чет элда ишлаб чиқарилган, Тошкент – 11,8 минг дона (608 донаси чет элда ишлаб чиқарилган ), Самарқанд – 9,95 минг дона (318 чет элда ишлаб чиқарилган) ва Хоразм – 7,7 минг дона (181 чет элда ишлаб чиқарилган) вилоятларида қайд этилган.

2021 йилнинг январ-июл ойларида маҳаллий ва чет элда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдоси улуши

Мавзуга оид