2026 йилнинг 1 июл ҳолатига Ўзбекистонда жисмоний шахсларга тегишли автотранспорт воситалари сони 4 млн 982 минг 516 донага етди, дея хабар берди Миллий статистика қўмитаси.
Автотранспорт воситалари турлари бўйича бу қуйидагича тақсимланган:
- енгил автомобиллар – 4 618 719 дона;
- юк автомобиллари – 343 375 дона;
- микроавтобуслар – 7 508 дона;
- махсус транспорт воситалари – 7 128 дона;
- автобуслар – 5 786 дона.
Ҳудудлар кесимида энг кўп транспорт воситаси Тошкент шаҳри (637 минг 706 дона), Фарғона (573 минг 472 дона) ва Самарқанд вилоятларида (563 минг 72 дона) рўйхатга олинган.

Ҳар 1000 кишига 129 та автомобил
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2026 йил 1 июл ҳолатига (рўйхатга олиш натижаларисиз) Ўзбекистон аҳолиси 38 млн 519,5 минг кишига етди. Шу рақамлар асосидаги Kun.uz ҳисоб-китобларига кўра, ҳар 1000 нафар аҳолига ўртача 129,4 та (фақат енгил автомобиллар бўйича 119,9 та) автотранспорт воситаси тўғри келяпти.
Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилган бўлиб, ҳар 1000 кишига қарийб 199 та автотранспорт воситаси тўғри келади. Кейинги ўринларни Тошкент (149,3) ва Бухоро вилояти (146,1) эгаллаган. Ҳар 1000 кишига энг кам автомобил тўғри келадиган ҳудуд Жиззах вилояти (92,1) ҳисобланади. Шунингдек, Наманган (104,8) ва Қорақалпоғистонда (107,1) ҳам мазкур кўрсаткич республикадаги ўртача даражадан сезиларли даражада паст шаклланган.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон бозорида таклиф ҳажми йилдан йилга ошиб боряпти. Масалан, 2017 йилда мамлакатда 135 мингта автомобил ишлаб чиқарилган бўлса, бу кўрсаткич 2025 йилда қарийб 458 мингтани ташкил этди ва 8 йилда 3,4 баробарлик ўсиш кузатилди. Биргина 2021 йилни ҳисобга олмаса, ишлаб чиқариш ҳар йили сезиларли даражада ошиб келяпти.











