Adidas тарихи 1920 йилларга, ака-ука Дасслерлар эгалик қилган немис компаниясига бориб тақалади. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Дасслерлар номаълум сабаб туфайли уришиб қолишади ва бизнесни алоҳида юрита бошлашди: Дасслер Рудолф Puma компаниясини, Адолф эса Adidas'ни ривожлантира бошлайди.

Aдолф Дасслер кашфиётчи ва дизайнер эди: 1925 йилда у “тиканли” футбол бутсаларини ўйлаб топди. 1949 йилда Adidas логотипи – учта чизиқни патентлатди ва ечиладиган резина “тиканли” илк футбол бутсаларини яратди. 1950 йилда у қорда ва музда футбол ўйнаш учун оёқ кийимни ўйлаб топди.

Puma ва Adidas ўртасидаги муносабат мураккаб эди: фабрикалар кичик Херсогенаурах шаҳрида ёнма-ён турарди. Унинг аҳолиси ҳам Puma тарафдорлари ва Adidas ишқибозларига ажралганди.
Можароларнинг асосий манбайи брендлар орасида оёқ кийим тайёрлаш технологияси ва уни тарғиб этиш эди: ака-укалар умумий ишланмалардан фойдаланмаслик ва алоҳида-алоҳида ривожланишга қарор қилишди, бироқ баъзида бир-бирларини ғояларни ўғирлашда айблашарди.
Puma ва Adidas “Пеле пакти”ни имзолашди: у фабрикаларга тарғиб учун Пеледан фойдаланишни ман этарди. Puma бу шартномани бузади.

1970 йили футбол бўйича жаҳон чемпионатида Пеле ўйин бошланишидан олдин ҳакамдан бутси боғичини боғлаш учун вақт сўради. Камералар уни йирик планда кўрсатди, у майдон марказида секин тиззасига ўтириб, Puma ёзуви туширилган бутсаси боғичини боғлади. Puma ўйингача у билан шартнома имзолагани маълум бўлди.
1978 йилда Aдолф Дасслер вафотидан кейин Adidas инқирозни бошдан кечирди. Компания дастлаб Aдолфнинг рафиқаси Катарина ва ўғли Хорст бошқарувига ўтди. 1985 йилда Катарина, ундан кейин Хорст вафотидан сўнг компанияни унинг сингиллари бошқаришга ҳаракат қилишди. Натижада улар 80 фоиз акцияларни тадбиркор, француз футбол клуби “Олимпик Марсел”га эгалик қилган Бернард Тапига сотиб юборишди.










