Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда ер қонунчилигида рўй берган ўзгаришларни “мамлакатимизнинг янги тарихидаги энг катта ислоҳотлардан бири” деб атади.

Давлат раҳбари 20 август куни тадбиркорлар билан мулоқотидаги нутқида ер ислоҳотининг асосий жиҳатлари ҳақида сўзлаб берди.

“Мана шу ислоҳотлар мазмунини тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари ҳам, тадбиркорлар ҳам, аҳолимиз ҳам, яхши тушуниб олишлари зарур.

Биринчидан, ерларни иқтисодий оборотга киритиш, уларни олди-сотди ва гаров объектига айлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратилди.

Иккинчидан, биз барча ерларни 2 та тоифага, яъни қишлоқ хўжалиги ерлари ва ноқишлоқ ерларига ажратдик.

Қишлоқ хўжалиги ерлари – бу бизнинг бебаҳо миллий бойлигимиз, озиқ-овқат хавфсизлиги, бу оддий қишлоқ аҳолисининг кундалик ҳаёти, дегани. Шунинг учун, ушбу ерлар очиқ танлов асосида фақат ижарага берилади.

Танлов – ҳар бир ер участкаси бўйича “бу ерни олишга ким энг кўп ҳақли?” деган саволга адолатли жавоб топиш учун ўтказилади. Бу танловда барча – деҳқон ҳам, фермер ҳам, агрофирма ва кластерлар ҳам тенг шартларда иштирок этадилар.

Учинчидан, ноқишлоқ ер майдонлари фақат аукцион орқали сотилади.

Биз сўнгги бир ярим йил давомида ерларни аукцион орқали очиқ-ошкора сотиш бўйича етарли тажриба орттирдик. Лекин аксарият ҳолларда аукционга қўйилган ер майдонларининг тадбиркорга маъқул жойлардан эмас, балки олис, чекка ҳудуддаги, инфратузилмаси бўлмаган жойлардан берилган.

Яхши майдонлар эса ҳар хил йўллар билан ҳокимлар қарори асосида тўғридан тўғри бериб келингани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Бундан буён ер майдонлари фақат ва фақат очиқ-ошкора аукцион орқали хусусий мулк сифатида сотилади ёки ижарага берилади.

Кўпчиликда “ер хусусий бўлди нима-ю, хусусий бўлмади нима”, деган фикр бўлиши табиий, албатта. Чунки бизда ерга хусусий мулкчилик бекор бўлганидан буён 3-4 та авлод алмашди.

Бир нарсани аниқ билиб олиш зарур: хусусийлашгани билан ер майдонлари камайиб ёки кўпайиб қолмайди, лекин унинг бозор қиймати пайдо бўлади. Ери бор одам ҳақиқий мулкдорга, капитал эгасига айланади.