“Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод, амалда Қонунчилик палатаси вице-спикери Алишер Қодиров 26 август куни партия сьездида сўзга чиқиб, ўзининг сайловолди дастурини тақдим этди.

Дастур учун “Қадриятларга таянган тараққиёт” шиори танланган. Kun.uz Алишер Қодировнинг асосий ғояларини келтириб ўтади.

“Олий таълим вазирлигини тугатиш керак”

“Миллий тикланиш” етакчиси сайловда ғалаба қозонса, энг аввало “Янги авлод” номли давлат дастурини қабул қилишини айтди. Бу дастур бола туғилганидан мактабни тугатгунгача бўлган даврга оид кўплаб масалаларни қамраб олади.

“Оила, боғча ва мактаб. Бу учта институт ягона тизимга бирлаштирилиши керак”, – деди Қодиров.

Унинг фикрича, таълим-тарбия тизими ислоҳоти учун оилада аёлларга шароит яратиш, болали аёлларнинг ойликларини камайтирмаган ҳолда уларнинг иш вақтларини қисқартириш зарур.

Алишер Қодиров Олий таълим вазирлигини тугатиб, ОТМларни хусусийлаштириш ниятида эканини билдирди. Вазирлик ўрнига эса президент ҳузурида Ректорлар кенгаши тузишни таклиф қилди.

“Агар ОТМлар хусусийлаштирилса, улар орасидаги рақобат биздагидек олий таълимга ўч, маърифат истайдиган ёшлар учун жуда катта имконият бўлади. Рақобат биз кутган кадрлар дунёга келишига сабаб бўлади”, – деди у.

“Ислом дини – маърифат манбайи”

Алишер Қодиров шу номли дастур қабул қилишга ваъда берди. Бу дастурда исломий таълим муассасаларига қабул квоталарини ошириш, Қуръон курсларини оммалаштириш, диншуносликка оид илмий ишларни рағбатлантириш чоралари кўзда тутилади.

Бундан ташқари, Қодиров ислом молиясини жорий этиш вақти келди, деб ҳисоблайди.

“Биз икки йилдан бери бу масалани кўтаряпмиз, лекин банк идоралари гўё бу рақобатга тайёр эмасдек ҳаракат қилишяпти. Ислом молиялаш тизими – бугунги Ўзбекистон учун жуда ҳам муҳим ва зарур институт. У кредитлашнинг янгича усулини таклиф қилади. Бу – тадбиркор учун катта имконият.

Қолаверса, дунёдаги исломий молия билан боғлиқ жуда кўп молиявий институтлар Ўзбекистонга киритишга тайёр, лекин биз бу нарсани қўллаб-қувватламаяпмиз. Фуқаролик кодекси ва банклар фаолияти билан боғлиқ қонунчилигимизда ислом молияси тизимини ишлатишга тақиқлар бор. Бу қонунчиликни ўзгартириш бўйича банклар билан ҳанузгача бир тўхтамга кела олмаяпмиз. Биз ислом молиясини жорий этиш бўйича аниқ ҳаракатларни амалга оширмоқчимиз”, – деди Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари.