Ўзбекистон | 10:31 / 29.08.2021
6404
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда йўлда кетаётган юк машинасига пневматик тўппончадан ўқ узган шахсга жиноий иш қўзғатилди

Сурхондарё вилояти Бойсун туманида М39 халқаро автомобиль йўлида ҳаракатланиб кетаётган юк машинасига пневматик тўппончадан ўқ узган шахсга жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақда ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 27 август куни соат 16:34ларда Бойсун туманининг Дарбанд маҳалласида яшовчи, Д.Мадамин М39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобиль йўлининг Бойсун тумани Шифобулоқ маҳалласи ҳудудидан ўтган қисмида пневматик тўппончадан ўқ узиб жиноят содир этган.

У «Малибу» машинасини бошқариб кетаётиб шу йўлда ҳаракатланиб кетаётган, Шеробод тумани Ғўрин-Гиламбоб маҳалласида яшовчи, М.Алишер бошқарувидаги «Камаз» русумли машинага ёнида бўлган пневматик тўппонча билан 2 маротаба ўқ узган.

Ҳодиса ҳақида ИИБ ходимларига хабар берилгач, Д.Мадаминдан пневматик тўппонча, унинг 1 дона ўқдони (магазини) ва ўқлар текшириб кўриш учун ҳужжатлаштириб олинган.

Қайд этилишича, жорий йил 28 август куни Д.Мадаминга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «б» банди билан жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид