«Ўзбекнефтгаз» АЖ ташаббуси билан Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси фаолияти ва Устюрт ҳудудида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништириш мақсадида пресс-тур ташкил қилинди.
Устюрт Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган. Минтақа ўз ичига Устюрт платоси ва Орол денгизини қамраб олади. Бу ҳудудда асосан газконденсат саноат-маҳсулдорлик қатламлари юра даври чўкмалари, айрим ҳолларда палеозой даври чўкмаларига тўғри келади.
1960 йилда Устюртдаги Теренқудуқ ва Байтерек ҳудудларида қатлам параметри ва газсиз таркибини ўрганиш мақсадида биринчи чуқур қудуқлар қазилган. 1964 йилда Шахпахти ҳудудида биринчи газконденсат кони ва орадан уч йил ўтгач Қуаниш кони очилган.


Устюртнинг умумий майдони 110 минг квадрат километр, табиий газ ва нефт бўйича истиқболли майдони 108 минг квадрат километрни ташкил қилади.
Ҳудудда 1995-2021 йиллар давомида табиий газ ва газ конденсати 11 та кондан қазиб олинмоқда. Булар Урга, Шарқий Бердақ, Шимолий Бердақ, Дали, Сургил, Қуйи Шарқий Бердақ, Арслон, Ином, Бескала, Қуйи Сургил, Ғарбий Қуйи Сургил конларидир.

Биз бу масканда 2017 йилда ишга туширилган «Шарқий Бердақ» сиқув компрессор станцияси фаолияти билан танишдик. Станция мутахассиси қурилмалар фаолияти ҳақида тўхталиб ўтди. «Шарқий Бердақ» сиқув компрессор станцияси бошлиғи Байрон Aбдураҳмоновнинг айтишича, сиқув компрессор станциясининг асосий вазифаси қазиб олинган паст босимли газни истеъмолчиларга юқори босимда етказиб беришдан иборат.
Пресс-тур давомида ОAВ вакиллари станция бошқарув маркази билан ҳам танишишди. Марказ қандай ишлаши ҳақида қисқача маълумот берилди. Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасининг бош муҳандиси Зафар Ражабов станция бошқарув маркази тўлиқ рақамлаштирилгани, операторлар тўлиқ равишда бошқарувни компютер орқали амалга оширишини айтди. Унинг қўшимча қилишича, станция ўзига кетадиган электр энергияни ўзи ишлаб чиқаради. Ташқаридан ҳеч қандай электр энергияси сарфланмайди.




















