Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентда, Ислом Тараққиёт Банки бошқарув кенгашининг 46-йиллик анжуманида нутқ сўзлади.

Давлат раҳбари ўз сўзида Марказий Осиёдаги илк уйғониш даври намояндалари ҳақида тўхталди.

“Қадимий Ўзбекистон – яъни, Мовароуннаҳр диёри ислом дунёсининг юксак маданияти ва цивилизацияси ривожига унутилмас ҳисса қўшган аллома ва мутафаккирлар юртидир.

Бухоролик буюк уламо – имом Аҳмад ибн ҳафс Кабир Бухорий ва унинг бутун дунёга танилган шогирдлари, имом ал-Бухорий ва имом ат-Термизий асарларининг ислом фалсафаси илмий-назарий асосларини яратишдаги аҳамияти беқиёсдир.

Бухорои шариф мусулмон оламида “қуббат-ул ислом”, яъни “ислом динининг гумбази” номи билан маълум ва машҳурдир.

“Жоруллоҳ” (“Аллоҳнинг қўшниси”) деган шарафли ном билан улуғланган хоразмлик аллома Маҳмуд аз-Замаҳшарий араб тили грамматикаси ривожига улкан ҳисса қўшганлиги сизларга яхши маълум, деб ўйлайман.

Маккаи мукаррамадаги Масжид ул-ҳарам яқинида яшаган бу беназир олимнинг грамматикага оид “Ал-Муфассал” асари, арабча-форсча луғат китоби Шарқ давлатлари олийгоҳларида кўп асрлар мобайнида асосий дарслик ва қўлланма вазифасини бажарган.

Юртимизнинг ислом дунёси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси буюк Амир Темур ҳукмронлиги даврида янада ёрқин намоён бўлди.

Соҳибқирон бобомиз пойтахти Самарқанд бўлган ўз даврининг энг қудратли давлатини барпо этди. Ўз таркибига бепоён ҳудудларни қамраб олган ушбу улкан салтанат ўша даврдаги ислом дунёсининг асосий минтақаларида иқтисодий ва маданий тараққиётни юксак чўққиларга олиб чиқди.

Шу маънода, Амир Темур ҳазратларининг: “Мен салтанатим биносини ислом арконлари асосида мустаҳкамладим”, деган сўзлари албатта бежиз айтилмаган.

Айнан ана шундай мустаҳкам пойдеворга, Шарқ уйғониш даврида бутун мусулмон олами эришган улкан илмий, фалсафий ва маданий салоҳиятга таяниб, бизнинг улуғ боболаримиз ҳам ўзларининг буюк кашфиёт ва ихтироларини яратганлар.

Уларнинг бебаҳо мероси бугунги кунда ҳам ўз моҳияти ва аҳамиятини йўқотмасдан келмоқда.