Жамолиддин акага боғдорчилик ишларида суянчиқ бўлган ўғли Абдулаҳад ўтган йили уруғчилик дўконидан ошқовоқ уруғи сотиб олди. У эккан ошқовоқлар ақл бовар қилмас даражада тош босди. Гигант ошқовоқларни кўриб, оила ҳайратга тушди. Ҳаммаси шундан бошланди...

Жамолиддин ака гигант ошқовоқлар етиштиришдан аввал шафтоли кўчатларини сақлаб қолиш учун челаклаб сув ташигани ҳақида сўзлаб берди.

“Фермер хўжалигимиз 2005 йилда ўз фаолиятини бошлаган.Ота-боболаримиз ҳам деҳқон бўлишган. Биз асосан боғдорчилик билан шуғулланганмиз. Боғдорчиликни бошлаган пайтда сув муаммосига дуч келганмиз. Экилган кўчатларни сақлаб қолиш учун челаклаб сув ташиган кунларни ҳам бошимиздан ўтказдик.

Яратганга шукрки, ўтган йили қудуқ қазиб, сув чиқардик. Сув чиққанидан кейин даромад ҳам ошди, албатта. Тирикчилигимиз боғдорчиликдан бўлгани учун астойдил меҳнат қилдик. Биз асосан ерга шафтоли экканмиз.”

Фермер ошқовоқнинг гигант нави даласига қандай келиб қолганини гапириб берди.

“Ўтган йили ўғлим Абдулаҳад “ошқовоқ экаман” деб Американинг “пункин” деган ошқовоқ навини уруғчилик дўконидан кўтариб келди. Ошқовоқ уруғини шафтолизор орасига экиб чиқдик. Ҳосилдан кутилмаган натижа чиқди. Ошқовоқлар ақл бовар қилмас даражада каттариб борарди. Ўтган йили ҳам кутилмаган ҳосил олдик. Эндиликда ошқовоқнинг бу навини кенгайтиришни режа қилиб турибмиз.”

Жамолиддин аканинг таъкидлашича, ўтган йили қовоқнинг энг каттаси 30 кг, бу йил эса энг йириги 40 кг тош босибди.

“Ўтган ҳосилда ошқовоқнинг энг каттаси сал кам 30 кг чиққан эди. Бу йил эса “рекорд”ни янгиладик. Бу сафарги етилган ошқовоқнинг энг каттаси ҳозирча 40 кг тош босди. Ҳозирда ошқовоқларни парвариш қилишда давом этяпмиз. Уларнинг танаси ҳали “тирик”. Етилаётган қовоқлар орасида ҳали 40 кг.дан ўтиб кетадигани чиқиши эҳтимоли юқори.”