Албатта, бу саволга жавоб бериш осон эмас. Бироқ шу нарса аниқки, барча соҳаларда коррупцияга қарши курашни таъминлаш, бу борадаги муаммоларни аниқлаш ва натижаларни назорат қилиш учун ҳам коррупция даражаси ўлчанмоғи даркор.

Коррупция – тўғридан тўғри ўлчанадиган ўзгарувчидир. Коррупция даражасини ўлчашга қаратилган индекслар сони кейинги йилларда ортиб бормоқда. Кўп мурожаат қилинaётган мазкур индекслар Transparency International (Халқаро шаффофлик) ташкилотининг коррупция индекси, Жаҳон банкининг глобал бошқарув кўрсаткичлари, янги турдаги ўлчаш ва баҳолаш воситалари саналмиш Халқаро шаффофлик ташкилоти барометри (GCB) ва Global Integrity ташкилотининг глобал яхлитлик индексидир. Шунингдек, PricewaterhouseCoopers шаффофлик индекси ҳам ўзига хос нуфузга эга. 

Коррупция даражасининг аниқланиши Жаҳон банки ва фуқаролик жамиятига коррупцияга қарши чоралар ишлаб чиқишда катта ёрдам беради. Айни шу зарурат бугун коррупцияни қандай ўлчаш ва кузатиб бориш мумкинлиги ҳақидаги янгидан янги баҳсларни келтириб чиқармоқда.

Таъкидлаш жоизки, дунё халқларида коррупция билан боғлиқ асосан икки хил қараш кенг тарқалган: айримлар коррупцияни ғилдиракнинг мойи деб билишади ва улар коррупцияни қийинроқ кечадиган жараённи тезлаштириш ва осонлаштириш воситаси сифатида қабул қилишади. Баъзилар эса коррупцияни ғилдиракка илашиб қолган лой деб билишади. Лой ҳажми ортгани сари, табиийки, ғилдиракнинг айланиши ҳам қийинлашади. Шунингдек, коррупция билан боғлиқ турли нотўғри қарашлар ҳам мавжуд:  

1-янглиш фикр: Коррупция даражасини ўлчаш мумкин эмас.

Коррупцияни қуйидаги уч усул билан ўлчаш мумкин:

1. Тегишли манфаатдор томонларнинг фикрларини ўрганиш орқали.

Бу нодавлат-нотижорат ташкилотлар, хусусий сектор, давлат хизматчилари ва жисмоний шахслар ўртасида ўтказилган сўровларни ўз ичига олади.

2. Мамлакатларнинг институциявий хусусиятларини тадқиқ этиш орқали. Бу харид қилиш амалиёти, бюджет шаффофлиги каби коррупция имкониятлари-имтиёзлари тўғрисида маълумот беради.