Бўстон тумани ҳокимининг инвестиция ҳамда қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича собиқ ўринбосарлари жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Суд ҳукмига кўра, 45 ёшли У.С. Бўстон тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келган. У тумандаги боғдорчилик ва мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари томонидан экспорт режасининг бажарилишига масъул бўлган.
У.С. фермерларга гўёки уларнинг номидан экспорт режасини бажаришини, бунинг эвазига ҳар бир гектар ер майдони учун 1 млн сўмдан беришлари кераклигини айтган. Ҳоким ўринбосари ҳудуддаги фермер хўжаликлардан бирининг иш бошқарувчисидан 5 гектар ер майдони учун 5 млн сўм талаб қилиб, шундан 4 млн сўмини пора тариқасида олган.
Шунингдек, У.С. Бўстон тумани ҳокимининг ўринбосари, инвестициялар, саноат ва савдо бўлими бошлиғи Ш.Д. билан тил бириктирган. Икки ўринбосар бир гуруҳга бирлашиб, туманда фаолият олиб борувчи кўп тармоқли фермер хўжаликнинг боғдорчилик ва сабзавотчиликка мўлжалланган 65 гектар ер майдони учун гўёки уларнинг номидан экспорт режасини бажариш эвазига 65 млн сўм талаб қилишган. Ш.Д. ушбу пулнинг 40 млн сўмини пора тариқасида олган вақтида тезкор тадбирда ушланган.
ЖИБ Қўрғонтепа туман суди ҳукми билан У.С. ва Ш.Д Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми тегишли бандларида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбли деб топилган. У.С.га 6 йил, Ш.Д.га 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, судланувчилар 2 йилга давлат ёки давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Апелляция ва тафтиш инстанциялари дастлабки суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган.
Ушбу ҳоким ўринбосарлари тезкор тадбирда пора билан ушлангани хабар қилинганди.

















