Жомбой тумани экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган шахс жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Суд ҳукмига кўра, 39 ёшли Ж.Р. туманнинг Зарафшон маҳалласида 100 тупга яқин терак кесилгани ҳолати бўйича чора кўрмаслик, табиатга етказилган зарарни камайтириш ҳамда транспорт воситасини жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига нархи 11 млн сўм бўлган компютер жамланмасини (моноблок) талаб қилган.
У 26 июн куни ўз хизмат хонасида моноблокни пора тариқасида олган вақтида тезкор тадбирда ушланган.
Ж.Р. судда айбига иқрорлик билдирган ҳамда компютер жамланмасини ишхонасига керак бўлгани учун сўраганини айтган.
“2026 йил 24 июн куни яшаш хонадонимдан келаётганимда Жомбой туманидаги Галлакапа кўчасида бир неча нотаниш шахслар кўчадаги теракларни кесаётганини кўрдим. Улар олдига бори, юк машинаси эгасидан ҳужжатларини олдим. Юк машинасини жарима майдончасига қўйиб, дарахт кесгани бўйича далолатнома расмийлаштирдим.
25 июн куни олдимга Жомбой туманида яшовчи шахс келиб, дарахт кесганлар унинг таниши эканини, юк машинасини жарима майдончасидан чиқариб беришимни сўраб, 300 доллар таклиф қилди. Унга пул керак эмаслигини, ишхонамга керак бўлгани сабабли компютер олиб беришини, шундан сўнг юк машинасини жарима майдончасидан чиқаришга ёрдам қилишимни айтдим. Лекин жаримани камайтириб бераман демадим”, деган судланувчи ўз кўрсатмасида.
ЖИБ Жомбой туман суди ҳукми билан Ж.Р. Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Унга 2 йил муддатга давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

















