23 сентябрь куни 19 кишидан иборат альпинистлар гуруҳи Эльбрус ёнбағирларида, 5400 метр баландликда йўқолиб қолди. Гуруҳда Россиянинг 11 регионидан келган, 30 ёшдан катта одамлар бўлган: улар профессионал альпинистлар бўлмаган. ФВВнинг Кабардин-Болқория бўйича бош бошқармаси маълумотига кўра, соат 17:00 атрофида туристлар об-ҳаво кескин ёмонлашгани ҳақида сигнал юборишган.

Шундан сўнг ўнлаб қутқарувчилар ва 16та техника қидирув ишларига киришган. Ҳудудда шамол тезлиги сониясига 40-70 метрга етган, қор ёғган, ҳаво ҳарорати -20 даражага тушиб кетган, бир метрдан узоқни кўриб бўлмай қолган, бу қутқарув операциясини мураккаблаштирган. Шунингдек, гуруҳ тарқалиб кетгани ҳам қидирувни янада қийинлаштирган.

«Эльбрус тоғидаги қидирув-қутқарув операцияси чоғида альпинистлар гуруҳидан 14 киши қутқарилди, улар ратракларда [махсус гусеницали транспорт] Азау яланглигига эвакуация қилинди ва шифокорларга топширилди. Афсуски, беш киши ҳалок бўлди», дея Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигига асосланиб хабар берган «Интерфакс» агентлиги.

ФВВнинг Кабардин-Болқория бўйича бош бошқармаси бошлиғи Михаил Надёжиннинг сўзларига кўра, кўплаб альпинистларда жароҳатлар бор. «Деярли ҳаммада кучли музлаш белгилари бор. Айримларнинг қўл-оёқлари синган. Шифокорлар ҳозир уларни деярли 4000 метр баландликда қабул қилиб олган», деган у ТАСС агентлигига.

Надёжин қутқарув операцияси якунлангани, бу жараён етти соатдан ортиқроқ вақт давом этганини қўшимча қилган. Одамларнинг ҳалок бўлиши юзасидан хавфсизлик талабларига риоя қилинмасдан хизмат кўрсатиш моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Айнан нима содир бўлди?
Аввалроқ қидирув-қутқарув отряди ходими ТАСС мухбири билан суҳбатда гуруҳга ҳамроҳлик қилган гид уни ташлаб кетгани ҳақида хабар берганди. «Одамларни бу ерга олиб келган гид уларни тоғ юқорисида қолдириб, ўзи пастга тушган, биз уни йўлда учратдик. Биздан пастроқда иккита чироқ кўриняпти, умид қиламизки, уларни ҳам қутқарамиз», деган махсус отряд вакили.

Аммо сафар ташкилотчиларидан бири, Elbrus.guide клуби вакили Денис Алимов ТАСС ва «Интерфакс» учун берган маълумотида гуруҳга тўрт нафар профессионал альпинист ҳамроҳлик қилгани ва улар одамларни қутқариш учун бор имкониятларини ишга солишганини айтиб ўтган. Уларнинг маршрути ФХХ томонидан рўйхатга олинган бўлган.

Алимовнинг сўзларига кўра, гуруҳда дастлаб 20 киши бўлган - 16 иштирокчи ва тўрт нафар гид. «Гуруҳ йўлга отланганида, кучли шамол бўлган, аммо об-ҳаво барқарор эди, ҳеч қандай кечикиш бўлмади», деган у.