Жамият | 11:52 / 26.09.2021
3689
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёдаги Тожикистонни Ўзбекистон билан боғловчи асосий йўл ёмон ҳолатда экани маълум қилинди

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятида жойлашган, Тожикистонни Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари билан боғлашда муҳим бўлган давлат аҳамиятига эга 4Р100 ва 4Р105 автомобиль йўллари ёмон ҳолатда эканлиги ҳақида видеомурожаат тарқалди. Вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси матбуот хизмати муносабат билдирди.

Муносабатда ёзилишича, ижтимоий тармоқларда чиққан видеолавҳада 4Р-100 Мангузар-Денов автомобиль йўлининг Олтинсой тумани ҳудудидан ўтувчи қисми таъмирталаб экани қайд қилинган. Мазкур автомобил йўлидан мунтазам равишда тегишли меъёрдан оғир юк ортган юк машиналарининг ҳаракатланиши, шунингдек, йўлнинг таъмирланиш муддати ўтиб кетгани сабабли таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.

«Мазкур Дарбанд-Денов йўналишидаги 4Р-105 ҳамда 4Р-100 автомобил йўллари xалқаро молиявий институтлар маблағлари ҳисобидан 4-тасмали цемент-бетон қопламага ўтказган ҳолда реконструкция қилиш белгиланган. Бугунги кунда алоқадор вазирлик ва идоралар томонидан xалқаро молиявий институти маблағларини жалб қилиш ва ишларни бошлаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда», дейилади муносабатда.

Эслатиб ўтамиз, Дарбанд-Денов йўлидан Сурхондарёнинг бир нечта туманлари аҳолиси фойдаланади. Шунингдек, ушбу йўл Тожикистондан Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига чиқишда фойдаланадиган асосий йўл ҳисобланади. Қўшни мамлакатдан Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига борадиган турли машиналар Деновгача М41 Бишкек-Душанбе-Термиз халқаро автомобиль йўли билан ҳаракатланиб келади ва Дарбанд-Денов йўли орқали М39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобиль йўлига чиқади.

Мавзуга оид