Жаҳон | 13:13 / 28.09.2021
4462
2 дақиқада ўқилади

Гвинеяда ҳокимиятни эгаллаган ҳарбийлар етакчиси президент бўлади

Гвинеяда давлат тўнтарувини амалга ошириб, ҳокимиятни эгаллаган ҳарбийлар ўтиш ҳукумати амал қиладиган тартиб-қоидалар хартиясини қабул қилди. Унга кўра, исёнчилар етакчиси полковник Мамади Думбуя президент лавозимини эгаллайди.

Фото: Xinhua / Global Look Press

Ҳужжат, шунингдек, 81 аъзодан иборат ҳукумат ва миллий ўтиш кенгаши ташкил этилишини кўзда тутади.

Бош вазир лавозимини ҳарбийлардан бўлмаган шахс эгаллайди, унга ва ҳукумат аъзоларига маҳаллий ва миллий даражадаги сайловларда иштирок этиш тақиқланади. Миллий ўтиш кенгашини президент ва икки вице-президент бошқаради, уларга ҳам сайловларда иштирок этиш тақиқланади. Бундан ташқари, кенгашда камида 30 фоиз ўринни аёллар эгаллаши лозим.  

5 сентябрда бир гуруҳ ҳарбийлар Гвинеяда давлат тўнтарувини амалга ошириб, президент Альфа Кондени ҳибсга олишганди. Исёнчилар етакчиси Думбуя ҳукумат тарқатилиши, чегаралар ёпилиши, мамлакат конституцияси амал қилиши тўхтатилишини эълон қилган. 

Думбуя тўнтарувга мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий вазият сабаб бўлганини айтган. “Республика институтларининг заифлиги, фуқаролар ҳуқуқларининг оёқости қилиниши, самараcиз молиявий бошқарув, суд тизимининг суиистеъмол қилиниши армияни Гвинея халқи олдидаги масъулиятни ўз зиммасига олишга мажбур қилди”, деб таъкидлаб ўтган Думбуя.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ва Европа иттифоқининг ташқи ишлар бўйича олий вакили Жозеп Боррель Гвинеядаги тўнтарувни қоралаб, ҳарбийларни Кондени озод қилишга чақирган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид