Давлат божхона қўмитаси билан ҳамкорликда тайёрланаётган “Божхона қоидалари” кўрсатувининг бугунги сонида товарлар номенклатураси, унинг пайдо бўлиш тарихи, бугунги кундаги ҳолати ҳақида ДБҚ бўлим бошлиғи Ҳусан Каримов сўзлаб беради.
Ҳусан Каримов ДБҚ бўлим бошлиғи
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси – Ўзбекистон Республикаси давлат идораларининг, юридик ва жисмоний шахсларининг хорижий давлатлар, уларнинг юридик ва жисмоний шахслари, халқаро ташкилотлар билан ўзаро фойдали ҳамкорлик ўрнатишга, бундай ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган жами амалий ҳаракатлари жараёнида қўлланиладиган, товарларнинг маълум бир қонуниятлар асосида тартибга солинган рақамлар ва матнларда ифодаланган рўйхатидир.
Экспорт-импорт операциялари жараёнида қўлланилган дастлабки тизимлар жуда содда тузилган бўлиб, маълум миқдордаги бож ва тўловлар ундирилиши зарур бўлган товарларнинг рўйхатидан ташкил топган.
Бироқ, товар турларининг кўпайиши ва ўзгариши улардан ундириладиган бож миқдорларини белгиловчи аниқ классификатор ишлаб чиқиш заруратини юзага келтирди. Халқаро аҳамиятга эга бўлган товар номенклатураси бир аср давомида ишлаб чиқилди. Дастлабки халқаро номенклатура 1853 йилда Брюсселда имзоланди. У халқаро статистика номенклатурасининг ишлаб чиқилишига замин яратди.

1885 йилда халқаро статистика институти ташкил этилди. Дастлабки ягона статистика номенклатураси 1913 йилда Брюссель шаҳрида 2-халкаро савдо статистикасига бағишлаб ўтказилган Конференцияда қабул қилинди. Унга фақат 29 давлат раҳбарлари имзо чеккан бўлиб, атиги 5 та гуруҳда (тирик хайвонлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, қайта ишланадиган материаллар, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, олтин ва кумуш) 186 та товар ўрни белгиланган эди.
Кейинроқ 1927-37 йилларда Ягона божхона номенклатураси (Женева номенклатураси)га асос солинди. У 21та бўлим, 86та гуруҳларга жойлаштирилган 991та позициядан иборат эди.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин давлатлар иқтисодиётини тиклаш ва савдо-сотиқни ривожлантириш учун янги номенклатурага эҳтиёж сезилди. Европа божхона иттифоқининг ишчи гуруҳи томонидан Женева номенклатураси асосида 1950 йилнинг 15 декабрида Брюссель шаҳрида товарларни божхона тарифи бўйича классификациялаш мақсадида номенклатура қабул қилинди.
















