Россияда ўлим ҳолатлари бўйича антирекорд қайд этилди - мамлакатда бир кунда коронавирусга чалинган беморларнинг 890 нафари вафот этди. Лондонда марафон ўтказилди - ўтган йили пандемия туфайли бу мусобақа ҳам «виртуал режим»да ўтказилганди - унда коронавирусга тест топширган 40 мингдан ортиқ чопувчи иштирок этди. Австралия ва Янги Зеландияда янги ҳолатлар ўсди. BBC дунёда Covid-19 билан боғлиқ сўнгги янгиликларни келтирди.
Россияда ўлим ҳолатлари антирекорди
Россияда сўнгги бир кунда 890 киши коронавирус туфайли вафот этган - бу пандемия бошидан буён энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Мамлакатда 2 октябрь куни жами 25 769 кишида коронавирус аниқланган - бу бир кун олдингига қараганда 550тага кўпроқ.
Оператив штаб маълумотлари Россия статистика муассасалари маълумотларидан фарқ қилади. Росстат ўз ҳисоботларида нисбатан юқори ўлим ҳолатларини қайд этади. Росстатнинг август ойи охирида берилган сўнгги маълумотларидан Россияда 2021 йилнинг июль ойининг ўзида 50 мингдан ортиқ киши коронавирус қурбонига айланганини кўриш мумкин. Оператив штаб маълумотига кўра эса, пандемия бошидан буён Россияда 209 918 киши ушбу касалликдан ўлим топгани қайд этилган.
АҚШда 2 октябрь куни коронавирус қурбонларининг жами сони 700 мингдан ошди. Қўшма Штатларда бир кунда 120 мингдан ошиқ янги ҳолат қайд этилиб, коронавирус ташхиси қўйилган беморларнинг 2 457 нафари оламдан ўтгани рўйхатга олинган.
Лондон ва Пекин марафонлари кўчаларга қайтмоқда

Британия пойтахтида яна Лондон марафони ўтказилмоқда, ўтган йили пандемия туфайли пойгалар виртуал режимга ўтказилганди. Бу йили марафонда 40 мингдан ортиқ чопқир қатнашади. Барча иштирокчилар коронавирусни аниқлаш учун тест топширишган. Ташкилотчилар касаллик тарқалиши хавфини янада камайтириш учун спортчилар алоҳида гуруҳларга бўлинган ҳолда стартга чиқиши имкониятини кўриб чиқишмоқда.
Марафон иштирокчилари Лондондаги Блэкҳит туманида стартга чиқишади, финиш - Букингем саройида.
Яна 40 мингга яқин киши марафонда масофадан туриб иштирок этади: улар марафон масофасида махсус иловадан фойдаланган ҳолда ўз маршрути бўйлаб ҳаракатланади.

















