Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Молдова прокуратураси раҳбарсиз қолди. Бош прокурор коррупцияда айбланиб ҳибсга олинди
Александр Стояногло 2019 йил ноябрда мамлакат бош прокурори этиб тайинланганди.
Молдова ҳукумати мамлакат бош прокурори Александр Стояноглони лавозимидан четлатди ва ҳибсга олди. Унга нисбатан коррупция айблови бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Молдова адлия вазири Сергей Литвиненконинг маълум қилишича, Стояноглога қарши жиноят ишини сешанба куни прокурорлар олий кенгаши томонидан тайинланган прокурор қўзғатган.
«Айни пайтда бизда прокуратура раҳбарияти йўқ», — деб ёзди вазир ўз Facebook’ида.
Стояногло иши бўйича текширув ўтказаётган прокурор Виктор Фуртунэ у 72 соатга ушланганини билдирди.
«У хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш, пассив коррупцияда айбланмоқда», — деди Фуртунэ.
Александр Стояногло Молдова бош прокуратурасини 2019 йил ноябрдан бошқаришни бошлаганди. У аввалги президент Игор Додон томонидан тайинланганди.
Стояногло иши бўйича текширув Молдовадаги «Ҳаракат ва бирдамлик» ҳукмрон партияси депутати (PAS) Лилиан Карп ва адлия вазири Литвиненко сўровига кўра бошланди.
Карп бош прокурорни 2012 йилда депутатлик пайтида «Пул ювишга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунга тузатиш киритишни таклиф қилганлик, бу эса 2014 йилда Молдова банк тизими орқали миллиардлаб долларларни ювишга ёрдам берганида айблади.
Бундан ташқари, депутатлар Стояноглони шу йилнинг ёзидан бери қидирувда бўлган Молдованинг энг бой бизнесмени Вячеслав Платон билан коррупцион алоқаларда айблашди. Карпнинг фикрича, бош прокуратура Платонга қарши айбловларни ноқонуний равишда бекор қилган ва у озодликка чиқарилган.
Стояногло бу айбловларни асоссиз деб ҳисобламоқда. Унинг таъкидлашича, Молдованинг янги ҳукумати уни парламент мухолифати вакилларига қарши жиноят иши қўзғатишга ундаган, бунга рози бўлмаганидан кейин эса уни таъқиб қила бошлаган.
Мамлакат президенти Майя Санду Стояногло раҳбарлигидаги бош прокуратура коррупцияга қарши кураша олмаслигини айтиб, уни бир неча бор танқид қилганди.
Мавзуга оид
09:45 / 16.06.2026
Украина ва Молдова ЕИ аъзолиги сари яна бир қадам ташлади
09:31 / 13.06.2026
Ишга киритиб қўйишни ваъда қилган “сохта прокурор“ ушланди
23:16 / 12.06.2026
Европа Иттифоқи Украина ва Молдова аъзолиги бўйича музокараларни бошлайди
13:41 / 18.03.2026