Японияда дала майдонига қўнган МиГ-25П

1976 йил 6 сентябрь. Ҳарбий учувчи Виктор Беленко бошқараётган самолёт самога кўтарилиб, анча узоққа учиб кетади. Ўша куни ҳарбий аэродромдагилар қанча кутишмасин, самолёт ортга қайтмайди. Кейинроқ СССР Ташқи ишлар вазирлиги Виктор Беленко бошқарувидаги МиГ-25П японлар томонидан асир олинганини айтиб баёнот беради.

Қочиш

Шу куни эрталаб соат 6:45да катта лейтенант Беленко Приморьедаги Чугуевка тумани маркази яқинидаги Соколовка қишлоғидаги аэродромдан МиГ-25П самолёти билан парвозни амалга ошириш учун осмонга кўтарилади. Мазкур самолётнинг борт рақами 31 бўлиб, у Узоқ Шарқда жойлашган 530-қирувчи авиация полкига тегишли эди.

МиГ-25П соат 7:40да СССР чегарасини кесиб ўтиб, Япония ҳудудига киради. Мақсади Япония орқали АҚШга кетиш бўлган Беленко парвоз учун хавфли бўлган, денгиз сатҳидан 30 метр баландликдан пастлаб учади ва совет радарларидан қочишга муваффақ бўлади. У СССР-Япония чегарасини ҳам шу баландликда кесиб ўтади. Япония ҳудудига ўтгандан сўнг Беленко 6 минг метр баландликкача кўтарилади. Аммо японлар радарда МиГ-25Пни пайқаб қолади ва уни тутиш учун ҳавога ҳарбий самолётларни кўтаради. Таҳликали вазиятда Беленко яна радарларга кўринмайдиган даражада пастлашга мажбур бўлади.

Беленко ҳавога кўтарилгач, орадан 2,5 соат ўтиб соат 9:15 да Япония радиоси совет учувчиси бошқарувидаги МиГ-25П қирувчи самолёти Ҳоккайдо оролидаги Ҳакодате шаҳридаги аэропортга қўнгани ҳақида хабар беради. Кейинроқ маълум бўлишича, Беленко Ҳоккайдо оролида жойлашган АҚШнинг Титос авиабазасига қўнишни режалаштиради. Аммо самолётдаги ёнилғи Титосгача етмаслиги эҳтимоли туфайли у нисбатан яқинроқ бўлган Ҳакодате шаҳридаги аэропортга қўнишга қарор қилади.

Ҳакодате шаҳридаги аэропортга қўнишда Беленко муаммога дуч келади: бу аэропортнинг учиш-қўниш йўлаги товушдан тез учувчи МиГ-25Пнинг қўниши учун етарли эмасди. Қўниш чоғида у аэропорт ҳудудидан чиқиб кетади ва дала ўртасига бориб тўхтайди. Шу жойдан ўтган автотрассада ҳаракатланаётган ҳайдовчилар МиГ-25Пни кўриб уни суратга ола бошлайди. Бу Беленкога ёқмайди. У пистолети билан ҳавога икки марта ўқ узади ва маҳаллий маъмурлар келгунча кутиб туради. Японлар келгач, Беленко АҚШдан бошпана сўрайди ва уч кундан сўнг, 9 сентябрь куни Америкага олиб кетилади.

«Қарор қабул қилишим учун кўп вақт керак бўлди, лекин мен якуний қарорни парвоздан бир ой олдин қабул қилдим ва қароримдан мамнунман. Ўз мақсадимга етишишим учун менга яхши об-ҳаво ва ёнилғи тўлдирилган самолёт керак эди. Бу иккаласига эришиш учун бир ой керак бўлди. Ана шу бир ойда мен бериладиган топшириқларни ошиғи билан бажардим. Командирларим менинг унвонимни оширишга тайёр эди. Аммо 1976 йил 6 сентябрь куни жуда яхши вазият юзага келди ва ундан унумли фойдаландим»,