Ўзбекистон | 11:02 / 18.10.2021
7453
2 дақиқада ўқилади

Мактаблардаги инклюзив синфлар учун белгиланган ёшдан 2 йилга ошган болаларни қабул қилишга рухсат берилди

“Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим беришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Фото: KUN.UZ

Умумий ўрта таълим ташкилотларида инклюзив таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Низомга кўра, ўқувчиларнинг бино ичида ҳаракатланиши ва таълим олишлари учун махсус шароитлар яратилган мактабларда инклюзив ва бошланғич таянч коррекцион синфлар ташкил этилади. Бунда ўқувчилар биринчи синфга 7 ёшга тўладиган йилда қабул қилинади.

Шунингдек, мактаблар учун белгиланган ёш меъёридан икки йилга ошган болаларни қабул қилишга рухсат этилади. Ўқувчиларни мазкур синфларга қабул қилиш ҳудудий халқ таълими бошқармаси ҳузурида ташкил этилган Психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосасига кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар розилиги билан амалга оширилади.

Инклюзив таълим синфларида жами ўқувчилар сони 30 нафардан ошмаслиги керак. Инклюзив ва бошланғич таянч коррекцион синфларга фақат бир хил тиббий ташхисдаги ўқувчилар қабул қилинади. 

Қарорга кўра, инклюзив таълим синфлари ўқитувчиларига меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун ҳар ойда тўланадиган устама ҳақи қуйидагича: синфда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган бир нафар бола учун – лавозим маошининг 10 фоизи; 2 нафар бола учун – лавозим маоши 20 фоизи; 3 нафар бола учун – лавозим маоши 30 фоизи; икки ва ундан ортиқ инклюзив таълим синфларида 4 нафар ва ундан ортиқ бола учун таълим-тарбия ишларини олиб борган ўқитувчиларга ва махсус педагогларга – лавозим маоши 30 фоизи миқдорида.

Мавзуга оид