Инфекцияга қарши кураш бўйича тезкор штаб маълумотларига кўра, сўнгги бир кунда Россияда коронавирусга чалинган 1106 киши вафот этди. Бу пандемия давридаги рекорд кўрсаткич саналади, аввалги максимум ўтган ҳафтанинг шанба куни қайд этилганди - 1075 ўлим.
Коронавирус билан боғлиқ ўлимлар сони қаторасига саккизинчи кун 1 мингдан юқори бўлмоқда. Бир кун олдин расмий статистика бўйича Covid-19 билан боғлиқ 1069 ўлим, якшанба куни эса - 1 072 ўлим рўйхатга олинганди.
Энг кўп қурбонлар Москвада қайд этилмоқда - 86 (бир кун олдин 83 эди), шунингдек, Петербургда 72, Краснодар ўлкасида - 40 киши вафот этган. Июнь ойи охирларида Москвада кунига 120 атрофида ўлим ҳолатлари рўй берган, Петербургда ҳам ўлим даражаси шунга яқин бўлганди.
Штаб маълумотларига кўра, мамлакатда жами ўлим ҳолатлари 232 775тага етган. Росстатда эса рақамлар кўпроқ, унга кўра пандемия даврида коронавирусга чалинган россияликларнинг 400 мингдан ортиғи вафот этган.

Шу билан бирга, Covid-19га чалиниш бўйича кунлик ҳолатлар пасая бошлади - бир кун олдин 37 930 ҳолат қайд этилган (бу пандемия давридаги янги рекорд бўлганди), бугун эса яна 36 446 кишига ташхис қўйилгани тасдиқланди, якшанба куни бу кўрсаткич 35 660тани ташкил қилган.
Аввалги кунларда бўлгани каби, касалланиш асосан Москвадаги ҳолатлар эвазига пасаймоқда - Россия бўйича пасайиш 1 484 ҳолатга тенг бўлгани ҳолда, пойтахтда пасайиш 1 704 ҳолатни ташкил этган (сўнгги кунда 6 074та янги ҳолат қайд этилган), яъни қарийб 22 фоизга. Москва областида бир кун олдинги 3 127 ўрнига 2 930 ҳолат қайд этилган, Петербургда ўсиш кузатилган - 2 693дан 2 735га.
Илк комендантлик соати
Шу ҳафтада Россияда ишланмайдиган кунлар амал қилиши бошланади: 30 октябрдан бутун мамлакат бўйлаб, 28 октябрдан - Москвада. Айрим регионларда бу режим душанба куниёқ кучга кирган.

Москва ва Петербургда қисман локдаун эълон қилинган - унга кўра бу шаҳарларда фақат озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган дўконлар, дорихоналар, эмлаш пунктлари ва яна бир қанча ташкилотлар ишлашига рухсат берилади. Ресторанлар, кафе ва барлар 7 ноябрга қадар ёпиқ туради. Москва расмийлари шу кунларда ҳозирча локдаун муддати узайтирилиши кўзда тутилмаётганини маълум қилди.

















