Ўзбекистон бокс жамоаси Англиянинг Ливерпул шаҳри мезбонлик қилган жаҳон чемпионатининг сўнгги кунида кечки дастурда ҳам яна 2 та олтин медални қўлга киритди ва олтин медаллар сонини 6 тага етказиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади. 

Кечки дастурда дастлаб -60 кг вазнли боксчилар финал баҳсида Абдумалик Ҳалоков рингга кўтарилди ва бразилиялик Луиз Габриэл де Оливейра устидан 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, делегация ҳисобига бешинчи олтин медални келтирди.

Боксчининг ўзи учун бу иккинчи бор жаҳон чемпионлиги бўлди. Ҳалоков бу сафарги турнир давомида туркиялик Меҳметхан Чинор, италиялик Жиусеппе Канонико, қозоғистонлик Бибарс Жексен ҳамда япониялик Шунсуке Китамотони мағлуб этганди (яримфиналдаги рақиб қоши ёрилгани туфайли жангни давом эттира олмади).

Шундан кейин аёллар жамоасининг финалдаги ягона вакили Навбаҳор Ҳамидова (-65 кг) ўз иштирокини ўтказди. Аммо у ҳал қилувчи баҳсда принципиал рақиб, қозоғистонлик Аида Абикеевага 0:3 ҳисобида мағлуб бўлди ва кумуш медал билан кифояланди.

У биринчи ва иккинчи раундларни ўз ҳисобига ёзиб қўйганди, аммо ҳал қилувчи раунддаги сусткашлиги туфайли ғалабани бой берди.

Бу Ҳамидова учун жаҳон биринчиликларидаги иккинчи кумуш бўлди.

-85 кг вазнли боксчилар финал баҳсида эса Акмалжон Исроилов англиялик Тигн Стотт устидан ишончли ғалабага эришди ва жамоа ҳисобига олтинчи олтин медални келтирди.

19 ёшли Исроилов финалга қадар йўлда австралиялик Лачлан Лавсон, испаниялик Рикардо Фреснеда ҳамда австриялик Мичаел Фарес Дероуичега имкон қолдирмаганди.

Унинг олтинидан сўнг турнир жадвали пешқадамлари – Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳисобидаги олтинлар сони тенглашди (қозоғистонликларнинг учта олтинини аёллар жамоаси келтирган) ва барчаси +90 кг вазн тоифасидаги финал жангида ҳал қилинадиган бўлди.

Бу баҳсда Жаҳонгир Зокиров Ойбек Ўралбойга қарши рингга кўтарилди, суперфинал якунида эса ҳакамлар ғалабани Қозоғистон вакилига беришди. Жаҳонгир 1-раундда 3:2, иккинчи раундда 4:1 ҳисобида устун келганди. Лекин 3-раундда фаоллик кўрсатмагани сабабли ҳакамлар қозоғистонлик боксчига устунлик беришди ва умумий очколар бўйича (ҳаваскор боксда раундлар кесимида ҳисобланмайди) Ўзбекистон вакили 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди.