Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, юрак-қонтомир касалликлари туфайли жаҳонда йилига 18 миллион киши вафот этади. Бу ўлимларнинг қарийб 85 фоизини юрак хуружлари ва инсулт оқибатлари ташкил этади.
Мичиган штати университети олимлари юрак хуружи бошланишидан олдин уни аниқлашга мўлжалланган потенциал визуализация техникасини ишлаб чиқишди.

Юрак саломатлигини яхшилашнинг бир неча йўллари бор; масалан, жисмоний фаоллик юрак хуружидан кейин соғайиб кетишни 45 фоизгача ошириши мумкинлигини тадқиқотлар кўрсатган. Лекин, пациентлар олдиндан огоҳлантирилса юрак хуружининг олдини олиш имкониятлари янада кенгаяди. Бу концепция олимлар жамоаси томонидан яратилган янги визуализация усули асосида ётади.
Товуш, ёруғлик ва нанозарралар ёрдамида юрак хуружини аниқлаш
Муаллифлардан бири, профессор Брайан Ронейн Смитнинг айтишича, янги усулни унинг жамоаси ёруғликни ютувчи алоҳида заррачалар юборилган артерияга ёруғликни йўналтириб яратишган. «Заррачалар бизга юракдаги вазиятнинг уч ўлчамли тасвирларини қуриш имконини берувчи маълумотлар беришди».
Инсон қулоғи ҳамма товушни эшита олмаса ҳам, уни ултратовушни қайта ишловчи қурилмалар билан осонгина қайд этиш мумкин.
Дастлаб янги технология сичқонларда синаб кўрилган. Смит ва унинг ҳамкасбларига кўра, энди технологияни артерияларда пайдо бўладиган, юрак хуружи ва инсултларга сабаб бўлувчи ёғ тўпламлари — атеросклеротик қуйқаларни тўғридан тўғри сканерлаш учун ишлатиш мумкин.
Смитнинг айтишича, янги усулнинг қиймати ундан ҳужайраларни ўзи танлашида. Айни пайтда қуйқаларнинг тасвирини олишнинг бошқа усуллари ҳам бор. Лекин бу ёндашувнинг фарқли томони — у ҳужайралар билан ишлайди. Олимлар макрофаглар ва моноцитлар деб аталувчи ва қуйқа пайдо бўлишига масъул ҳужайраларни махсус ўрганишган.
Муайян қуйқа инсулт ёки беморнинг юрак хуружига сабаб бўлишини кўрсатиш қийин, лекин Смитнинг фикрича, мойил қуйқалар энг хавфлиси саналади. Бундай қуйқалар ёрилиб, қон юрувчи артерияларни беркитиб қўйиши мумкин.
Мойил қуйқалар ёғ қатламларидан ташқари, ўз таркибида кўплаб иммун ҳужайралар, макрофаглар ва моноцитлар тўплайди. Смит ва унинг ҳамкасблари углерод атомларидан иборат ва ўта кичик қувурча шаклидаги нанозарра яратишган улар табиий йўл билан шундай ҳужайраларни аниқ излаб топади.















