– Сўнгги беш йилда давлат бошқарувига бир қанча ёш кадрлар келди. Шунингдек, давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари учун очиқ танловлар ўтказиб келинмоқда, келажак учун кадрлар захираси шакллантирилди. Шунга қарамай ҳали-ҳамон ҳукуматда кекса ёшдаги мулозимлар салмоғи кўпчиликни ташкил этади. Сизнингча, бу жараён қандай йўлга қўйилиши керак эди?

– Авваламбор, умумий қоидани айтадиган бўлсак, хоҳ маълум бир ташкилотнинг бошқаруви бўлсин, хоҳ давлат бошқаруви бўлсин, бу албатта катта жамоавий иш ҳисобланади. Ҳар бир лидер, ҳар бир бошқарувчи ўз жамоаси билан ишлайди ва у кимни танлашидан қатъи назар, айниқса, сиёсатчилар халқ, миллат олдида жавобгар бўлишади.

Хоҳ ривожланаётган давлат бўлсин, хоҳ ривожланган давлат бўлсин, катта лавозимларга мансабдорларни тайинлашда сиёсатчиларга маълум даражада сиёсий эркинликлар берилади. Бу конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган. Лекин охир-оқибат улар ўзлари олиб келган, ўзлари тайинлаган инсонлар бўйича сиёсий жавобгарликни ҳам зиммасига олишига тўғри келади. Бу биринчи масала.

Иккинчи масала, ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда кўплаб ёши улуғ инсонларни ҳукумат мансабларида учратиш мумкин. Япония сиёсатчилари орасида ҳам ёши улуғлари кўпчиликни ташкил қилади ва бу масала у ерда ҳам ёшлар учун каттагина муаммога айланган.

Лекин шу ўринда айтиб ўтиш керакки, авлодлар алмашинуви жараёнини жуда ҳам силлиқлик билан ва барқарор тарзда юритиш керак. “Қари билганни пари билмас” деган оталар сўзимиз бор, яъни оғир дамларни бошидан кечирган ёши улуғ инсонлардан керакли тажрибаларни ўзлаштирган ҳолда ўринбосарларни тайёрлаб бориш керак. Бу ниҳоятда муҳим.

Саволнинг асосий жавобига келадиган бўлсак, бу жараён самарали равишда амалга ошиши учун “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун мумкин қадар тезлик билан қабул қилиниши, кучга кириши ва у шаффоф тарзда ишлай бошлаши керак. Бусиз иложи йўқ.

Япониянинг Нагоя иқтисодиёт университети профессори, ҳуқуқ фанлари доктори Алишер Умирдинов

– Сиз бир неча йилдан буён Япониядасиз. Япония ва Ўзбекистон қайсидир жиҳатдан ўхшаш. Масалан, 1868 йилда Япония ёпилиб олиш даврини тугатиб, дунёга очила бошлаган. Ўзбекистон ҳам шу йўлдан бормоқда. Шу жиҳатдан олиб қарасак, Япониядан нималарни ўрганиш мумкин? Ушбу мамлакатда давлат хизматчилиги қандай йўлга қўйилган? Япон сиёсатчилари ва давлат амалдорлари қандай танлаб олинади ёки тайёрланади?