Грузия инсон ҳуқуқлари ташкилоти эгидаси остида ҳаракат қилувчи мустақил шифокорлар гуруҳи 48 кун давомида очлик эълон қилган қамоқдаги собиқ президент Михаил Саакашвилини текширган. Шифокорлар хулосасига кўра, узоқ вақтдан буён давом этаётган очлик сабаб Грузия собиқ президентининг аҳволи ёмонлашган ва унинг тикланиши учун қамоқхона касалхонасида шароит етарли даражада яхши эмас – сиёсатчини фуқаролик касалхонасига ўтказиш керак.

Аммо хулоса берилган куниёқ Грузия жазони ижро этиш хизмати Саакашвилининг аҳволи қониқарли экани, ҳаётига ҳеч қандай хавф йўқлигини маълум қилган. Мустақил шифокорлар гуруҳини Грузия омбудсмани вакили Нино Ломжария йиғган. Шифокорлар қамоқхона касалхонасида Саакашвилининг тикланиши учун етарли шароит йўқ деб топишган.

«Михаил Саакашвилининг аҳволи ёмон. Буни кўплаб ҳаётий зарур кўрсаткичлар айтиб турибди. Бундай ҳолатда қамоқхона касалхонасида даволаниш учун етарлича имконият йўқ деб ҳисоблаймиз», дея шифокорлар гуруҳи вакили Георгий Григолининг сўзларини келтирмоқда «Интерфакс».

Шифокорнинг айтишича, Саакашвили 48 кундан буён очлик эълон қилган. Оқибатда В1 витамини етишмовчилиги сабаб Саакашвилининг миясида оғриқ пайдо бўлган.

Шифокорлар собиқ президент очликни давом эттирса, унда ички қон кетиши кузатилишини тахмин қилган. Оқибатда Саакашвили комага ёки аритмия ҳолатига тушиб қолиши мумкин. Шифокорлар хулосасига кўра, Саакашвили кўп тармоқли клиникада тўлақонли даволаниши керак.

Сентябрь ойи охирида мамлакатга яширинча қайтган собиқ президент 1 октябрь куни қўлга олинганди. Унинг Грузияга қайтганини Батумидан видео жойлагач билиб қолишди. Ҳукуматдагилар аввалига бу видео янги эканига шубҳа ҳам билдиришганди.

Саакашвилига Грузияда кўплаб ҳолатлар бўйича жиноят иши очилган ва уларнинг иккитаси бўйича сиртдан 6 йиллик қамоқ жазоси ҳам эълон қилинганди.

Шов-шувли видео

FACEBOOK.COM/SAAKASHVILIMIKHEIL

Ўтган ҳафта Грузия жазони ижро этиш хизмати Саакашвилининг қамоқхонадан касалхонага олиб кетилаётгани тасвирланган видео эълон қилди. Унда аввалига хотиржамлик билан нарсаларини йиғиштираётган Саакашвили кўринади. Кейинроқ ярим ялонғоч ҳолатдаги сиёсатчи хонада турган шифокорлар ва бир неча кишидан бири билан жанжаллашиб қолгани кўринади. Маълум бўлишича, Саакашвилига шаҳар касалхонасига олиб боришларини айтиб, уни қамоқхонадан алдаб олиб чиқишган ва қамоқхона касалхонасига олиб боришган.