Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Висконсиндаги фожиа: Рождество паради устига машина ҳайдаб борганнинг шахси аниқланди
Америка матбуоти якшанба куни Рождество парадида иштирок этаётган одамлар устига йўлтанламас машинасини ҳайдаб бориб, камида беш кишини ўлдирганнинг шахсини аниқлади. У бошқа бир жиноят жойидан қочаётганида одамларни босиб кетгани тахмин қилинмоқда.

АҚШнинг Висконсин штати, Уокешо шаҳрида рождество паради вақтида машина одамлар устига юриши оқибатида беш киши ҳалок бўлди, ўнлаб кишилар жароҳатланди.
Reuters’нинг ёзишича, гумонланувчи қўлга олинган, унинг машинаси ҳам топилган. Воқеа содир бўлган кўча атрофидаги муассасалар ёпиб қўйилган. Ҳолат бўйича суриштирув олиб борилмоқда.
Америка нашрлари полициядаги манбаларига асосланган ҳолда йўлтанламас рулида Милуокида яшовчи 39 ёшли кичик Даррел Эдвард Брукс бўлганини хабар қилган. Полиция BBC’нинг бу маълумот юзасидан аниқлик киритишни сўраб йўллаган сўровига жавоб бермаган.
Milwaukee Journal Sentinel газетасининг ёзишича, Брукс атиги икки кун олдин гаров эвазига ҳибсдан озод қилинганди - у зўравонлик ва калтаклаш ҳолати учун қамоққа олинган бўлган.
Фожиа якшанба куни, маҳаллий вақт билан соат 16:30да Уокешода рўй берганди. Автомобиль тўсиқни бузиб ўтган ва орасида кўплаб болалар ҳам бўлган одамлар устига юрган.
Полиция зобитлари ҳайдовчини тўхтатишга уринган ва автомобилга қарата ўқ узишган. Аммо у рулни парад иштирокчилари томон бурган, улар мактаб оркестрини кузатишаётганди.
Полиция бу ҳодисани теракт деб ҳисобламаяпти. Текширувлар жараёнидан хабардор бўлган Америка ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари CBS телеканалига гумонланувчи катта эҳтимол билан бошқа бир ҳодиса жойидан - пичоқбозлик рўй берган жойдан қочаётган бўлган.
Жабрланувчилар орасида мактаб оркестри аъзолари ва раққослар гуруҳи вакиллари бор.
Гувоҳлардан бири тўсиқлардан ўтиб келаётган йўлтанламасни кўргани, кейин ҳайдовчи парад иштирокчилари ўтаётган йўлга бурилганини айтган. «Биз уйлар орасида тургандик ва ҳайдовчи педални охиригача босиб, катта тезликда парад маршрути бўйлаб ҳаракатланганини кўрдик. Кейин баланд овоз ва машина уриб кетган одамларнинг қичқириқлари эшитилди», дейди Milwaukee Journal Sentinel нашрига шаҳар кенгаши аъзоси Анжелито Тенорио.
«Мен одамлар ўз фарзанди исмини айтиб бақираётганини эшитдим», дейди CNN мухбирига берган интервьюсида парад ўтказилган жой яқинида яшовчи гувоҳлардан бири.
АҚШ президенти Жо Байден ҳодиса ҳақида хабардор қилинган. Расмий баёнотда Оқ уй Уокешодаги воқеалар ривожини диққат билан кузатиб бораётгани ва ушбу фожиада жабрланганларнинг барчасига чин дилдан ҳамдардлик билдирилиши айтилган.
Маҳаллий расмийлар яраланганлар ва қурбонлар сони ошиши мумкинлиги, қўшимча маълумотлар келиши давом этаётганини маълум қилган. Айрим жабрланувчилар шифохонага ўзи мустақил юриб борган, шу туфайли уларнинг айримлари ҳисобга қўшилмаган бўлиши мумкин.
Маҳаллий ўт ўчириш хизмати раҳбари Стивен Ҳовард журналистларга ушбу ҳодисадан кейин маҳаллий шифохонага катта ёшдаги 11 нафар ва вояга етмаган 12 бола олиб келинганини маълум қилган. Висконсиндаги болалар шифохонаси маҳаллий вақт билан соат 20:00да бу ерга 15 бемор келтирилгани, яна бир клиника 13 кишини қабул қилгани, улардан уч нафарининг аҳволи оғир эканини билдирган.
Милуокидан ғарбда жойлашган, 72 минг аҳоли яшайдиган Уокешо шаҳрида Рождество паради одатда ҳар йили Шукроналик кунидан олдинги якшанбада ўтказилади. Раққосалар гуруҳи ва оркестрлар иштирокидаги байрам маросимларини кўплаб оилалар кузатишга чиқишади. Ўтган йили коронавирус пандемияси туфайли парад ўтказилмаганди.