Жамият | 12:53 / 23.11.2021
2011
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда вагондан кўмир ўғирлаганлар ушланди

Самарқанд вилояти Нарпай туманида қарама-қарши йўналишдан келаётган поездни ўтказиш учун тўхтаган поезд вагонидан кўмир ўғирлаган шахслар ушланган. Бу ҳақда ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 11 ноябр куни Самарқанд вилоят ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармасига келиб тушган маълумотга кўра, “Зирабулоқ-Зиёвуддин” темир йўл бекатлари оралиғида юк поезди тўхтаганда фуқаролар кўмир ўғирлаган.

Ҳолат юзасидан олиб борилган суриштирув ишлари натижасида, жорий йил 10 ноябр куни соат 21:21да “Зирабулоқ-Зиёвуддин” темир йўл бекатлари оралиғида “Мароқанд-Тинчлик” йўналишида ҳаракатланаётган вагонларда орасида кўмир маҳсулотлари ортилган юк поезди 3810-километрда қарама- қарши йўналишда келаётган юк поездини ўтказиб юбориш учун тўхтаган.

Шу вақтда, Самарқанд вилояти Нарпай туман, Дўстлик маҳалласида яшовчи фуқаролар 1980 йилда туғилган Э.М. ва 1982 йилда туғилган М.З. ярим очиқ вагондан 755 кг кўмир маҳсулотларини талон-торож қилган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид