Акасини қасддан ўлдирган

Kun.uz танишган суд ҳужжатларига кўра, жиноят 12 феврал куни Нарпай туманида содир қилинган.

1968 йилда туғилган А.С. ва унинг акаси, марҳум У.С. туманнинг Мирзо Улуғбек массивида балиқчилик билан шуғулланиб келган. Ака-уканинг балиқ ҳовузлари ёнма-ён бўлган. Улар ўша куни зовур суви устида тортишиб қолишган.

А.С. акаси зовур сувини ўз ҳовузига йўналтираётганини кўриб, у билан жанжаллашган. Сўнгра акасини ўлдириш мақсадида вагонда сақлаб келган ов милтиғини олиб чиқиб, унинг юз қисмига бир марта ўқ узган. Оқибатда ака оғир тан жароҳати олиб, вафот этган.

“Ўрдакларни отмоқчи эдим”

А.С. судда айбига қисман иқрор бўлган ва милтиқни ҳовузига келиб қўнган икки ўрдакни отиш учун олиб чиққанини айтган.

Эрталаб соат 6:00 ларда туриб, терак қаламчасини экдим. Сўнг чой ичиб ўтирганимда кўлга иккита ўрдак қўнди. Вагондан ов милтиғимни олиб чиқиб, ўрдакларни отдим. Унинг биттаси кўлга тушди, иккинчиси учиб кетди.

Уват бўйлаб бораётган вақтимда дуп-дуп этган овоз эшитилди. Қарасам, акам менга келаётган сувни очиб юбораётган экан. Нега бундай қилаётганини сўраганимда ҳақорат қилиб, кетмон билан урмоқчи бўлди. Кетмонни қайтарган вақтимда акам ёқамдан тортди ва шу пайт милтиқнинг тахта қисми ерга тегиб, отилиб кетди. У қўли билан отилган жойини ушлади, мендан кечирим сўради ва йиқилди”, деган ука ўз кўрсатмасида.

Сўнгра А.С. маҳалласи профилактика инспектори олдига бориб, акасини отиб қўйганини айтган.

Жазо

Ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши ЖИБ Нарпай туман судида кўриб чиқилди ва ҳукм ўқилди. Суд ҳукми билан А.С. Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни (қасддан одам ўлдириш) содир қилишда айбли деб топилди. Унга 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Kun.uz ушбу жиноят ҳақида аввалроқ бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълумотига асосланиб хабар берганди.