Бугун, 23 ноябр куни “SHAROIT PLYUS” ногиронлар жамоат бирлашмаси томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ногиронлиги бор шахсларни иш билан таъминлаш мавзусида инклюзив бизнес-форум ташкиллаштирилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Форумда маълум қилинишича, 2020 йилда Ўзбекистонда 781,3 минг нафар ногиронлиги бўлган шахс расман рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 300 минг нафари ишга лаёқатли. Ишга лаёқатли ногиронларнинг фақатгина 2 фоизга яқини расман иш билан таъминланган.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов форумда ногиронлиги бор шахслар бандлиги даражаси пастлиги қандай сабабларга боғлиқ эканини санади.
“Ногиронлар ўртасида бандлик кўрсаткичи жуда паст. Бир томондан қараса, уларнинг ишлаши учун давлат сезиларли ҳаракат қилмагандай кўринади. Ҳақиқатан ҳам, биз бу борада жуда кўп квоталар, ўқувлар қиляпмиз, лекин уларнинг кўпчилиги, асосан, расмиятчилик билан боғлиқ.
Ногиронлар билан давлат ташкилотлари эмас, балки нодавлат ва халқаро ташкилотлар кўпроқ шуғулланяпти. Бу бизнинг камчилигимиз”, деди вазир ўринбосари.
Умрзоқовга кўра, жамиятдаги стереотиплар, ишончсизлик, иш берувчиларнинг ногиронларни ишга қабул қилиш бўйича корпоратив маданиятга эга эмаслиги ҳам ногиронлар ишга жойлашишига салбий таъсир қиляпти.
“Ногиронларни ишга олган иш берувчиларни қўллаб-қувватлаш механизми мавжуд эмас. Шунингдек, меҳнатга лаёқатли ногиронлиги бор шахсларнинг электрон реестри ҳам йўқ.
Мавжуд муаммолар ҳисобга олинган ҳолда, “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш, ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиб, кўриб чиқиш учун вазирликларга юборилди. Бу қарор ногиронлар бандлигини таъминлаш учун янги имкониятлар беради”, деди Меҳнат вазирлиги расмийси.
Вазир ўринбосарига кўра, қарор лойиҳасида:
- Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчига ҳар бир ходими учун 6 ой давомида БҲМнинг 1,5 баравари миқдорида субсидия ажратиш;
- Касб-ҳунар коллежлари ва техникумларда ногиронларни касбга ўқитишга мўлжалланган қисқа муддатли ўқув курслари ташкиллаштириш;
















