Ўзбекистон | 16:45 / 29.11.2021
20872
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ҳалқа метросини қуришга 354,3 млн доллар ажратилади

2017 йил кузидан буён амалга ошириб келинаётган лойиҳа – Тошкентда ер усти ҳалқа метросини қуришнинг техник-иқтисодий асослари тасдиқланди. Унга кўра, лойиҳанинг мумий қиймати 354,3 млн долларни ташкил этади. Шундан 208,3 млн доллари – давлат бюджетидан.

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг 26 ноябрдаги қарори билан, Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метро линиялари қурилишининг техник-иқтисодий ҳисоби тасдиқланди.

Тасдиқланган лойиҳанинг умумий қиймати 354,3 млн долларни ташкил этиши кўзда тутилган. Бу маблағлар қуйидаги манбалар ҳисобидан молиялаштирилади:

  • Давлат бюджети маблағлари – 208,3 млн доллар;
  • Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан – 108, 3 млн доллар;
  • Хитой Эксимбанкининг 500 млн доллар кредити ҳисобидан;
  • Давлат улуши – 37, 07 млн доллар.

Лойиҳанинг капиталлашуви 317,2 млн долларни ташкил этиб, бу маблағлар машина, асбоб-ускуналар ва қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга йўналтирилади.

Қайд этилишича, Хитой Эксимбанкининг кредити 20 йил муддатга, беш йиллик имтиёзли давр билан берилди. Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредити эса тўрт йиллик имтиёзли давр билан 15 йилга тақдим қилинади.

Аввалроқ, президент Шавкат Мирзиёев Тошкент метрополитенини янада ривожлантириш мақсадида “Буюк ипак йўли” бекатидан Тошкент трактор заводи даҳасигача ерости йўли ҳамда ерусти ҳалқа метросининг иккинчи босқичини амалга ошириш режалаштирилаётгани ҳақида айтиб ўтганди.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид