Ўзбекистон | 11:55 / 30.11.2021
7431
2 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors Captiva сотиб олмоқчи бўлганларга пулларни қайтаришни бошлади

UzAuto Motors Chevrolet Captiva 5 автомобилларини сотиб олмоқчи бўлган фуқароларга маблағларини қайтаришни бошлади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

“UzAuto Motors АЖ Chevrolet Captiva 5 автомобилини етказиб бериш бўйича бекор қилинган шартномаларнинг маблағларини қайтаради ва компенсацияни амалга оширади”, дейилади маълумотда.

UzAuto Motors 2021 йилнинг 20 ноябрь куни Chevrolet Captiva 5 автомобилларини етказиб бериш бўйича шартномалар тўхтатилгани ҳақида расмий баёнот берганди.

Баёнотда мижозлар мурожаатидан кейин 3 кун ичида тузилган шартномалар бўйича тўланган барча маблағлар тўлиқ қайтарилиши, шунингдек, компания қўшимча равишда олдиндан тўлов суммасининг 5 фоизини компенсация сифатида тақдим этиши келтирилганди.

Маълум қилинишича, Chevrolet Captiva 5 бўйича жами 461 та шартнома пули тўланган. Айни пайтда, 207 нафар харидор Captiva 5 ўрнига бошқа автомобилни олишга қарор қилгани, 161 нафари эса тўланган маблағни қайтарилиши учун ариза билан мурожаат қилгани ва пулларини қайтариб олгани айтилади. 

Компания хабарида айтилишича, 41 нафар мижоз кечаги кундан бошлаб компенсация сифатида тақдим этилган 5 фоизлик тўлов суммасини олган.

“Қолган харидорлар ҳам ўз маблағлари ва компенсацияни яқин икки-уч кун ичида олишади”, дейилади маълумотда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид