Аёллар ишлаши учун энг мақбул соҳалар сифатида шифокорлик ёки ўқитувчилик айтиб келинади. Аммо сўнгги пайтда оммалашган яна бир фаолият тури – фуд-блогерликда уйда туриб ишлаётган ва фойда топаётган аёллар ҳам кўпаймоқда. Малика Зубайдуллаева шундай ижтимоий фаол аёллардан. Суҳбатдошимиз 29 ёшда, ўрта маълумотли, оилали ва тўрт нафар фарзанднинг онаси. YouTube, Instagram, Telegram ижтимоий тармоқлари орқали ўз фуд-блогини юритиб келади.
«Уларни кўриб нега мен эплолмас эканман, деганман»
— Ёшлигимдан овқат пиширишга қизиққанман. Ўзим мустақил бирор нарса пишириш учун онам бирор жойга кетишларини кутардим ва синаб кўрардим. 17 ёшимда турмушга чиқдим. Турмуш ўртоғим Кореяда ўқирдилар, шу сабаб у ерда бир неча йил яшадик. Уйда ўтирган чоғларимда турли сайтлар орқали ҳар хил егуликлар пиширишни ўргандим. Пазандаликни шу тариқа ўргандим, бу соҳада бирор ерда ўқимадим.
Яхши таом пиширишни, аввало, фарзандларим учун ўргандим, ахир ҳар бир она фарзандлари соғлом вояга етишини хоҳлайди. Тўғри овқатланишга амал қилинса, ҳеч қандай парҳез ёки чекловлар шарт бўлмайди. Шу пайтгача болаларимга бирор марта антибиотик бермаганман.
Бошида фойда кўриш ҳақида ўйламагандим. Кейин бу соҳани яхшилаб ўрганиб чиқсам, аёл киши уйда ўтириб, оиласига уч маҳал овқат тайёрлаб ҳам пул топиши мумкин экан. Маблағ сарфламай, сармоя киритмасдан туриб ўзи учун пул топиш учун бу яхши имкон. Бошқа давлатларда аёллар фуд-блогерликдан бир ойда 10-15 минг долларлаб пул топар экан. Буларни ўқиб қаттиқ ҳайратландим ва нега мен эплолмас эканман, деб ўйладим. Ахир шундоғам оилам, фарзандларим учун бир кунда уч маҳал овқат пишираман-ку. Шунчаки қилаётган ишимни суратга олсак, кифоя.

«Корейсларга ош қилишни ўргатганман»
— Бошида рецептларимни жойлашдан умуман фойда кўрмадим, кейинчалик фойда келмаса ҳам, кимлардир фойдаланяпти деган мақсадда рецептларни қолдирадиган бўлдим. Улар орасида ўзбек ва дунё таомлари бор. Бизда асосан миллий таомларни тайёрлашга қизиқишади. Хорижда ўтган 12 йиллик ҳаётимда Кореянинг ўзимиз яшаган туманида корейс миллатига мансуб аҳоли вакилларига кўп маротаба ўзбек миллий таомлари тайёрланишини ўргатганман. Улар учун кўпроқ ўзбек палови қизиқ бўлган.
Дунёга машҳур Samsung компаниясида ишлайдиган эркак-аёл ходимлар ҳам бизнинг таомларимизни ўрганиш учун келган. 25 кишидан ортиқ хоҳловчиларга 2 соат давом этган дарсда ўзбек паловининг тайёрланиш жараёнини кўрсатиб бердим. Улар паловни Кореядаги ўзбек ресторанларида татиб кўришган ва ёқиб қолгани учун ўрганишга келганди. Ўргатганим учун менга 80 доллардан ҳақ тўлашган, аслида сўрамаганман, ўз миллий таомимизни дунё халқларига ўргатишдан хурсанд бўлганман.















