Манба: Андижон вилояти прокурори ишдан олинди
Андижон вилоят прокурори Ғайрат Фозилов ишдан олинган, унинг ўрнига янги прокурор в.б этиб тайинланган.
Kun.uz'нинг прокуратура органларидаги манбасининг маълум қилишича, жорий йил 18 ноябрь куни Бош прокуратуранинг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида Андижон вилоят прокурори Ғайрат Фозилов кескин танқидга учраган. Вилоят прокурори ушбу мажлисдан сўнг ишга чиқмаган.
Эндиликда Эшмурод Қаршиевич Жўраев Андижон вилоят прокурори вазифасини бажарувчиси этиб тайинланган. У бунгача Бош прокуратурада мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Kun.uz'га маълум қилишича, жорий йилининг 25 ноябрь куни фаолиятида йўл қўйган хато-камчиликлари учун Андижон вилоят прокурори Ғайрат Фозилов Бош прокурор буйруғига асосан эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Аввалроқ, 18 ноябрь куни бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев бошчилигида Бош прокуратурада кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйган ҳамда хизмат вазифаларига совуққонлик билан муносабатда бўлгани учун 18 нафар ходим интизомий жазога тортилгани маълум қилинган эди.
Маълумот учун, Ғайрат Фозилов 2018 йил январь ойида Андижон вилояти прокурори лавозимига тайинланган эди. У Мажбурий ижро бюроси директорининг ўринбосари лавозимига ўтказилган Музаффар Эгамбердиевни алмаштирганди.
Бундан олдинроқ Андижон вилоят прокуратураси ходими 15 минг доллар пора олаётган вақтда ДХХ ходимлари томонидан қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Мавзуга оид
22:02 / 21.11.2024
Ўзбекистоннинг Белгиядаги элчиси Ғайрат Фозилов Нидерландияда ҳам элчи этиб тайинланди
08:50 / 19.11.2024
Уч ҳудудда 671 млн сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди
20:29 / 15.11.2024
Ғайрат Фозилов Европа кенгаши президентига ишонч ёрлиқларини топширди
22:39 / 13.11.2024