19:57 / 03.12.2021
6461

Булунғурда газ идораси ходимлари аҳолининг газ баллонларини ўзлаштириб юборгани аниқланди

Самарқанд вилояти Булунғур туманида газ таъминоти ходимлари томонидан тўлдириб бериш учун олиб кетилган газ баллонлари ўзлаштириб юборилган. Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига тақдим этилган.

Иллюстратив фото /KUN.UZ

Kun.uz’га навбатдаги мурожаат Булунғур тумани «Чорбоғ» МФЙ аҳолисидан йўлланди. Мурожаатда ёзилишича, бундан 3 ой аввал туман газ таъминоти корхонаси ходимлари томонидан аҳолининг 190 дона газ баллони тўлдириб бериш учун йиғиб олиб кетилган. Аммо ҳанузгача тўлдирилган ҳолда қайтариб берилмаган.

«Биз Булунғур тумани «Чорбоғ» МФЙ фуқаросимиз. Туман газ таъминоти ходимлари бундан уч ой аввал 190та газ баллонини тўлдириб келиш учун олиб кетишганди. Аммо ҳанузгача олиб келишмади. Ҳолат юзасидан туман газ таъминотига кўп маротаба бордик. Улар «газ баллонларингни олиб кетганлар ишдан бўшаб кетган, биз билмаймиз», деб жавоб беришяпти», дейилади мурожаатда.

Kun.uz «Bulung‘urtumangaz» газ таъминоти филиали аҳолига суюлтирилган газ тарқатиш бўлими бошлиғи Ғайрат Исроилов билан боғланиб, мазкур ҳолат бўйича изоҳ олди.

Ғайрат Исроилов «Чорбоғ» МФЙда яшовчи аҳоли томонидан йўлланган мурожаатда келтирилган важлар асосли эканини тасдиқлади.

Унинг айтишича, туман газ идораси ходимлари «Чорбоғ» МФЙдан 194 дона газ баллонини тўлдириб беришларини айтиб олиб кетишган ва қайтариб беришмаган. Уларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилган.

Ҳозирда газ баллонларни олиб кетиб қайтармаган ходимлар ишдан бўшатилган.

«Bulung‘urtumangaz» газ таъминоти бўлими бошлиғи Шерзод Ўралов эса айни кунларда сенаторлар ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳ Булунғурда аҳолининг газ баллонлари ўзлаштириб юборилгани юзасидан ўрганиш олиб бораётганини билдирди. Унинг маълум қилишича, ўрганиш давомида яна бошқа маҳаллаларда ҳам газ таъминоти бўлими ходимлари томонидан газ баллонлари олиб кетилиб, қайтариб бермагани ҳолатлари аниқланган.

Top