Шавкат Мирзиёев Конституция қабул қилинганининг 29 йиллиги билан Ўзбекистон халқини табриклади ва асосий қомусни янгилаш тўғрисида гапириб ўтди.

Қадрли ватандошлар!

Аввало, сиз, азизларни, кўп миллатли бутун халқимизни қутлуғ айём – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Бутун дунё қатори юртимизда ҳам давом этаётган коронавирус пандемияси сабабли бу йил ҳам Конституция кунига бағишланган тантанали маросимларни кенг миқёсда ўтказишнинг, афсуски, имкони бўлмаяпти. Лекин бу байрам қалбларимизга қувонч ва шукуҳ бағишлаб, оилаларимизда, меҳнат жамоалари, таълим масканлари, маҳаллаларда шоду хуррамлик билан нишонланмоқда.

Муҳтарам дўстлар!

Ҳаётимиз қомуси бўлган Конституциямиз мустақиллик йилларида эришган барча ютуқ ва марраларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келаётганини ҳаммамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.

Айнан Конституциямизга таяниб, биз бундан беш йил олдин мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилдик ва Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотларни бошладик. Ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий манзараси бутунлай ўзгарди. Эркинлик ва очиқлик, қонун устуворлиги, жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишига айланди.

Биз Конституциямизда муҳрлаб қўйилган ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш ғоясига содиқ қолиб, шу йўлда кенг кўламли улкан ишларни амалга оширдик, катта билим ва тажриба тўпладик.

Аввало, “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” деган конституциявий қоидадан келиб чиқиб, халқ билан доимий мулоқот қилиш фаолиятимиз мезони этиб белгиланди, давлат идоралари раҳбарлари фуқаролар олдида ҳисобот берадиган самарали тизим йўлга қўйилди.

Давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тобора кенгайиб бормоқда. Сенатор ва депутатлар, вазир ва ҳокимлар, барча мансабдор шахслар қуйи бўғинга, маҳалла даражасига тушиб, аҳоли билан бевосита учрашиб, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этмоқда.

Муҳим қарор ва қонунлар лойиҳаларини, бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш, давлат харидлари масалаларини муҳокама қилиш жараёнида бугун фуқароларимиз фаол иштирок этмоқда. Шу асосда давлат ташкилотлари ва фуқаролик институтлари ўртасидаги ҳамкорлик ва жамоат назорати янги босқичга кўтарилмоқда.

Юртдошларимиз учун мамлакатнинг хоҳлаган ҳудудида эмин-эркин яшаш, уй-жой ва кўчмас мулк сотиб олиш, фуқароликка эга бўлиш, билим олиш, меҳнат қилиш, тадбиркорлик билан шуғулланиб, даромад топиш, турли давлат хизматларидан фойдаланишга оид кенг имкониятлар яратилмоқда. Энг муҳими, бундай ўзгаришларни ҳар бир инсон кундалик ҳаётида кўрмоқда, ҳис этмоқда.