"Perfect Consulting Group” компанияси 2016 йил май ойида бизнес-консултант, амалиётчи, маркетолог, реклама ва савдо бўйича мутахассис Гулямов Иброҳим Илҳомович томонидан ташкил этилган.
Иброҳим Гулямов сотув ҳажмини ошириш, мижозлар билан ишлаш ва рекламадан унумли фойдаланиш йўналишларида шахсий брендини ярата олган.
Интервю ва коучингда иштирок этган тадбиркорлар билан суҳбат жараёнигача шахсан ўзимда ҳам бу каби касб эгаларининг фаолиятига ишончсизлик бор эди. Реал ҳикояларни, компанияларнинг кўрган натижаси ҳақида хабардор бўлиб, муносабатим ўзгарди. Ҳар бир ишнинг илми бўлгани каби, фойдали бизнес қилишнинг ҳам маълум доирада ўз илми борлиги мавзуга ичкарироқ назар ташлаганда ойдинлашиб борди.

Суҳбатимиз аввалида Иброҳим Гулямовдан консалтинг фирмага асос солган пайти ҳақида сўрадик.
“Дўстимнинг корхонасида ишлаб юрган вақтимда бизнесни ўстириш, ривожлантириш ҳақида ўқиб-ўрганардим. Амалда қўллаб синаб борардик. Секин-секин ижобий натижа бера бошлаганини сезгач, бошқа компанияларга тавсиялар улашдик. Кейин бу йўналишни алоҳида бизнесга айлантириш ғояси келди.
Энг биринчи мижозларимизнинг бизнесини ўстиришга жуда кўп ҳаракат қилганмиз, лекин фойда кам бўлган. Кейин-кейин ҳаракатлар бироз камайиб, натижавийлик ўсиб бораверди. Бугунги кунга келиб, тахминан 3 минг нафар тадбиркор бизнес коучингларимизда, умумий ҳисобда 50 мингга яқин киши барча тренинг-маърузаларимизда иштирок этди”, – дейди у.

Биз кўрсатувни суратга олиш учун PCG бош офисида ҳам бўлдик. Жами 60тача ходим ишлайдиган компанияда сотув бўлими, дизайнерлар, маркетологлар ва ҳисобчилар фаолият юритади. Эътиборимизни тортгани шу бўлдики, сотув бўлимида мижозлар билан мулоқот олиб борувчи мутахассислар иш столида кўзгу бўлиб, ўз кайфиятини суҳбатлашиш жараёнида кўриб, табассум билан хушмуомала бўлишга уринар экан.
Иброҳим Гулямовнинг эса шахсий хонаси йўқлиги бизни ҳайрон қолдирди. Сабабини қуйидагича изоҳлашди: “Компания раҳбарларининг ишхонада алоҳида офиси бўлиши керак эмас. У ўзини кундалик муаммоларни ҳал қилишдан озод қилиши ва асосий эътиборини ривожланишга, янги стратегиялар тузишга сарфлаши лозим”.













